Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2022 йилнинг 15 январь куни маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини бажариш учун Ромитан туманида кенг қамровли чора-тадбир белгилаб олинган.
Шунга мувофиқ тумандаги 4 та маҳалла иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир ҳудуд сифатида танланиб, ушбу ҳудудларда йўлларни таъмирлаш, ободонлаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш каби ишлар бошлаб юборилди.
Бугун эрта тонгдан Ромитан туман ҳокимлиги ҳамда туман Халқ қабулхонаси ҳамкорликда 4-секторга қарашли “Боғитуркон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳолини хонадонбай, ижтимоий ва коммунал масалаларни ўрганиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича навбатдаги кенг қамровли тадбир ташкил этилди.
Йиғилишда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ФВБ туман бўлими вакиллари, маҳалла ва оилани қўллаб–қувватлаш бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими, туман ободонлаштириш, газ, сув, электр ва тегишли идора ташкилот рахбарлари ва ходимлари, МФЙ ходимлари, ҳоким ёрдамчиси, ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этишди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Умеджон Барноев сўз олиб, ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда мутасадди ташкилотларга амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, аҳолини муаммоларини хонадонма-хонадон юриб аниқлаш ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиш, ушбу маҳалладаги ахолининг яшаш шароитлари ва ҳудудларнинг санитар шароитларини, йўл инфратузилмаларини, электр тузилмаларини, суюлтирилган газ ва ичимлик сув таъминотларини яхшилаш ҳамда аҳоли яшаш пунктларини ободонлаштириш ишларини сифатли қилиб бажариш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг ушбу маҳалладаги ахолининг яшаш шароитлари ва ҳудудларнинг санитар шароитларини яхшилаш, йўл инфратузилмалари, электр тузилмалари, суюлтирилган газ ҳамда ичимлик сув таъминотларини яхшилаш, ахоли яшаш пунктларини ободонлаштириш ишларига қаратилди.