Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг биринчи йиғилишида иштирок этмоқда. Унда Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегация ҳам қатнашмоқда.
Давлат раҳбари ушбу янги механизм икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка қўшимча суръат бағишлашини таъкидлади. Шу куни Тошкентда ўтказилган бизнес-форумда 200 дан зиёд тадбиркор жам бўлди.
Қайд этилишича, 2017 йилдан буён Ўзбекистон иқтисодиёти уч баробар ўсиб, 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган. 2030 йилгача ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш ва саноат ишлаб чиқаришини икки баробар ошириш мақсад қилинган.
Бу режаларни амалга оширишда Туркия билан стратегик ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.

