Америкалик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, семизлик COVID-19 оқибатида юзага келадиган ўлим хавфини оширади, шунингдек, вирусга қарши вакцинанинг самарадорлигини камайтириши мумкин.
Тадқиқот натижасида олинган маълумотларга кўра, семизлик коронавирус оқибатида юзага келган касалликдан ўлиш эҳтимолини 48 фоизга оширади. Бундан ташқари, коронавирусга қарши вакцина ортиқча вазнга эга кишилар учун самарасиз бўлиши мумкин.
Олимларнинг аниқлашича, вазн оғирлик индекси 30 дан юқори бўлган кишиларнинг ҳар қандай муносабатларда коронавирус билан касалланиш эҳтимоли юқори. Семиз кишиларнинг коронавирус сабабли касалхонага тушиш хавфи 113 фоизга ошади, улар катта эҳтимол (74 фоиз) реанимацияга тушади.
Шимолий Каролина университети олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот Жаҳон банки буюртмасига асосан амалга оширилган. Таъкидланишича, олимларнинг иши бутун дунёда, жумладан, Италия, Франция, Буюк Британия, АҚШ ва Хитойда ўтказилган кўплаб тадқиқотларни бирлаштирган мета-таҳлилдан иборат бўлган.
Қайд этилишича, АҚШ ва Буюк Британия семизлик энг юқори даражада бўлган давлатлардан бири ҳисобланади. Америкаликларнинг 40 фоиздан ортиғи семизликдан азият чекади, Буюк Британияда эса аҳолининг 27 фоиздан ортиғи шу муаммога дуч келади.