Куни кеча, яъни жорий йилнинг 14 январь куни Бухоро шаҳрининг марказий қисми бузилиб, унинг ўрнига замонавий инфраструктурага эга бўлган ҳамда миллийлик уйғунлашган янги «Туризм шаҳарчаси» ни барпо этиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов, Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шуҳрат Алиев, Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Мақсуд Маматханов журналист ва блогерлар саволларига жавоб беришди. Шунингдек, айни мавзуга қизиқиш билдирган бухороликлар, кенг жамоатчилик ҳам иштирок этди.
Дастлаб ҳоким Ботир Зарипов йиғилганларга қурилиши режалаштирилаётган лойиҳа ҳақида қисқа маълумот берди. Қайд этилишича, 2022 йилнинг 30 декабрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан «Бухоро вилоятида амалга ошириладиган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тўғрисида ўтказилган йиғилиш баёни» тасдиқланган.
Ушбу ҳужжатга кўра, «Энтер энгинеэринг» компанияси томонидан жалб қилинадиган маблағлар ҳисобига Бухоро шаҳрининг 32,6 гектар ер майдонида «Туризм шаҳарчаси» ни бунёд этиш, шу ҳудудда жойлашган 29 та давлат ташкилоти ва муассасалари ҳамда хусусий мулкдорларга тегишли бино ва иншоотларни бошқа ҳудудга белгиланган тартибда кўчириш таклифлари маъқулланган. Булар орасида Бухоро стадиони ҳам бор.
Аввалроқ, Бухоро марказий стадиони бузилишидан норози бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали Президентга мурожаат қилган бир қатор спортчи ва мураббийлар ҳақида хабар берган эдик. Ботир Зарипов фуқароларнинг бу борадаги хавотирлари ҳақида, жумладан, шундай деди:
«– Стадион борасида муносабат билдирган фуқароларимизга раҳмат, дейман, бу билан бефарқ эмасликларини билдиришди. Фақат фикр билдиришда, бир-биримизни ҳурмат қилайлик. Агар лойиҳа тасдиқланиб, шариф шаҳримиз инфратузилмасини янгилаш амаллари бошланса, ҳоким сифатида, ваъда бераман, инвестор янги стадион қуриб бергандан кейингина Бухоро стадионини бузиш бошланади», – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.
Шундан сўнг сўз олган Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири Ботир Зокиров ЮНEСКО рухсатисиз Бухоро шаҳрининг тарихий маркази (эски шаҳар – таҳририят изоҳи) га туташ мазкур ҳудудда битта ҳам мих қоқилмаслигини айтди. Бундан ташқари у агар лойиҳа тасдиқланса, мазкур қурилиш ЮНEСКО билан биргаликда амалга оширилиши ва бу учун 1 йилгача вақт кераклигини ҳам таъкидлаб ўтди. Айни дамда эса қурилиш майдонидаги барча бинолар инвентаризация қилинаётгани, лотда қатнашадиган тадбиркорлар бузиш-қуришлар учун ўзлари пул тўлашини маълум қилди.
«– Ҳозирда хатлов ишлари олиб борилмоқда. У ерда қанча бино бор, кимга тегишли экани ҳақида маълумот йиғиляпти. Агар марказ ўрнида жойлашган бино ва иншоотлар бузиладиган ёки бошқа жойга кўчириладиган бўлса, лойиҳа танловида ютган тадбиркорлик субъекти томонидан ўрнига-ўрин қуриб берилади ёки ўрнатилган тартибда компенсация тўлаб берилади. Лойиҳа ва қурилиш ишларининг ўзига камида 2 йил вақт кетади», – деди вазир Ботир Зокиров.
Тадбирнинг иккинчи қисмида журналист ва блогерларга сўз берилди. Улар масъулларга обуначилари томонидан йўлланган саволларни бирин-кетин беришди.
Ҳоким биринчи бўлиб савол беришни Бухородаги биринчи очилган нодавлат интернет ОАВ – БукҳараНеwс.уз раҳбари Шерзод Камаловга берди. Шундан сўнг кузатувчилари асосан, рус аудиториясини ташкил қилувчи «Букҳара Инфо!» Телеграм-канали вакили Руслан Зарипов, бухороликларнинг аксарият қисми диққат билан кузатиб борадиган ва аҳолининг муаммолари ёритиладиган «Потребител Бухара плюс» администратори Евгений Бондар, Кун.уз мухбири Мадина Очилова, Хабар.уз журналисти ҳамда «Бухоро ёшлари» газетаси бош муҳаррири Лайло Ҳайитовалар ўз саволларига жавоб олишди.
Берилган жавоблардан маълум бўлишича, шаҳарчани қуриш мутлақ «Энтер Энгинеэринг» компаниясига топширилган. Вазир бунинг сабабига изоҳ берар экан, мазкур компания Самарқанддаги туризм маркази ва Имом ал-Бухорий мажмуаси қурилишларида «ўзини яхши томондан кўрсатган» ини таъкидлади, вилоят ҳокими эса Бухородаги қурилишларнинг деярли барчасида нуқсонлар аниқлангани, шунинг учун кенг кўламли қурилишларда катта тажриба тўплаган мазкур ташкилотга ишониб топширилгани ҳақида гапирди.
Алоҳида қайд этиш керакки, конференц залда йиғилган аҳоли вакиллари ҳам журналист-блогерлар билан олдинма-кейин мавзу доирасида, баъзан эса ундан четга чиқиб, ҳиссиётларга берилиб, саволлар беришди.
Учрашув якунида вилоят ҳокими Бухоро шаҳри тақдирига бефарқ бўлмай, ўз позицияларини айта олган ва бу ерга ташриф буюрган барчага миннатдорлик билдириб, залдаги мустақил блогер ва журналистлар билан имкон қадар ҳафтасига 1 маротаба очиқ мулоқот ташкил этиш тарафдори эканлигини билдириди.
Охирги маълумотлар ҳамда ушбу матбуот анжумани якуни доирасида шу нарса аниқ бўлдики, кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган Бухоро шаҳрида қурилиши режалаштирилган «Бухоро туризм маркази» лойиҳаси фақатгина дастлабки босқичда тайёрланмоқда.
Мазкур лойиҳа бўйича кенг жамоатчилик ва фуқаролар фикри инобатга олиниб, бошқа мақбул ер майдонлари танланади, стадион ҳам бузилмайди. Шунингдек, ЮНEСКО умумжаҳон марказининг тегишли хулосаси олинган ҳолда, якуний қарор қабул қилинади ва шундан сўнг қурилиш ишлари бошланади.