Вилоятнинг олис ҳудудларидан бири бўлган Газли шаҳрида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ва тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида кенгайтирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Вилоятнинг турли тиббиёт муассасаларидан жалб этилган малакали шифокорлар аҳолига кенг қамровли тиббий хизмат кўрсатди.
Кун давомида мингдан ортиқ фуқаро 20 га яқин йўналиш бўйича мутахассислар кўригидан ўтказилди. УЗИ, ЭКГ, лаборатория ва бошқа текширувлар жойида ташкил қилиниб, аниқланган ҳолатлар бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, тиббий муассасага келиш имконияти чекланган ётоқ режимдаги беморлар хонадонларига борилиб, уларнинг саломатлиги жойида ўрганилди.
Кўрик доирасида Газли шаҳридаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ҳам соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказилди. Саломатлигида муаммо аниқланган фуқаролар тегишли мутахассислар назоратига олиниб, зарур ҳолларда вилоятдаги ихтисослаштирилган тиббий муассасаларга йўллаш чоралари белгиланди.

