Президент топшириғига асосан, бош вазир Абдулла Арипов раислигида қаттиқ совуқ шароитида қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Йиғилишда айтилишича, бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилган.
Шу сабабли ушбу 31 мингта уйнинг фасад қисми реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказилиб, муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминланади. Бу борадаги дастур лойиҳасини Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги 2 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа обектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.
Бу борада энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратиш кераклиги қайд этилди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикамизда жами 13,2 минг тонна базальт хомашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м.кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.
Шу боис, «Ўзсаноатқурилишбанк» «Ўзсаноқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда 2 ой муддатда жойларда базальт хомашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.
«Ўзелтехсанот» уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси қишга тайёргарликдаги камчиликлардан «тўғри хулоса чиқаради»