Республикамиз ҳудудларида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши электр энергиясига бўлган талабни ошишига олиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Энергетика Вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчирлик маркази” давлат унитар корхонасининг 12.11.2022-yildagi №01/350-сонли хатида 2022-йил 9-ноябрдан бошлаб энергетика тизими иссиқлик электр станцияларида ёқилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келганлигини маълум қилган эди.
Совуқ кунларда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг пасайиши натижасида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда.
Ушбу вазиятда, электр энергиясини ишлаб чиқариш объектларини, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари, трансформатор пунктлари ҳамда подстанцияларда юкламаларнинг ортиши натижасида содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш мақсадида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар киритишга мажбур бўлинмоқда.
Бу ҳолат Ромитан туманида ҳам кузатилаётган бўлиб, туманни электр билан таъминловчи Ромитан-110 ва Қўрғон-110 кВли электр узатиш тармоқларида ҳам узилишлар кузатилмоқда.
Ҳозирги пайтда Ромитан туманидаги барча электр станциялари объектларида махсус навбатчилик гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, мутахассислар томонидан юзага келган ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилардан ушбу вазиятни тўғри тушунишларини сўраган ҳолда, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш ҳамда энергия ресурслари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, имкон қадар ушбу ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишларини эслатиб ўтамиз.
Ҳар бир ҳолат бўйича қўшимча кунлик маълумот бериб борилади.
Хуршид Саломов,
Ромитан ТЭТК бошлиғи
Profilaktika maqsadida tokni o’chirish buncha vaqtga cho’zilmasligi kerak. Bugun tok yo’qligi sababli ishlay olmadik