“Ўзкомназорат” инспекцияси томонидан “Рақамли даврда болаларнинг ахборот хавфсизлиги: ОАВ масъулияти, киберҳимоя ва этик мезонлар” мавзусида икки кунлик онлайн ўқув курси ташкил этилди.
Курсда республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситаларидан 120 нафардан ортиқ вакил иштирок этди. Машғулотларда болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш, киберхавфсизлик, журналистик этика, фактчекинг ҳамда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.


Таъкидланишича, болалар интернетда кибербуллинг, ёлғон ва манипулятив ахборот, қимор ва букмекерлик тарғиботи, наркотикларни оммалаштирувчи материаллар, нафрат уйғотувчи контент ҳамда deepfake каби янги таҳдидларга дуч келмоқда.
2026 йилнинг I чорагида миллий ахборот маконида 636 та қонунга зид ҳолат ва 1 068 та қонунбузилиш аниқланган. Уларнинг 312 таси “UZ” доменидаги веб-сайтлар, 296 таси телевидение ва радиоканаллар, 24 таси нашриёт маҳсулотлари, 4 таси эса даврий босма нашрлар ҳиссасига тўғри келган.
Мутахассислар мазкур ҳолатлар профилактика ишларини кучайтириш, медиа вакилларининг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда касбий масъулиятини ошириш зарурлигини таъкидлади. Оқув курси болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш ва ОАВ ходимларининг бу борадаги билим ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.

