Бугунги кунда электрон ҳисоб варақ-фактуралардан фойдаланиш тадбиркорларга бирмунча қулайликларини намоён этмоқда. Хусусан, карантин даврида ҳисоб варақ-фактуралардан фойдаланувчилар сони анча ортди.
Биргина мисол, 2020 йил 10 август ҳолатида Бухоро вилоятида 12 700 дан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 318 900 дан ортиқ ЭҲФ (электрон ҳисоб варақ-фактуралар) масофадан туриб жўнатилди.
Ҳолбуки, жорий йил бошида яъни, 1 январ ҳолатида вилоятда ЭҲФ (электрон ҳисоб варақ-фактуралар) юритган хўжалик юритувчи субъектлар сони жами 145 та бўлган холос.
Яширишнинг кераги йўқ, ЭҲФ (электрон ҳисоб варақ-фактуралар) тизимига тўлиқ ўтган корхоналар бу йўл билан ўзларининг фаолиятларида шаффофликни таъминлайдилар.
Ўрни келганда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисоб варақ-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисоб варақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини мажбурий тартибда жорий этилиши белгиланган.
Мадина Жўраева,
Бухоро вилояти ДСБ масъул ходими.