Бухоро вилояти божхона бошқармаси Бухоро ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари ноқонуний тарзда салкам 237 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёзни олганларни аниқлади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Қайд этилишича, вилоятда фаолият олиб бораётган масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг номига хориждан олиб келинган «қозиқ» товарлари электрон шаклда тақдим қилинган декларацияга асосан божхона тўловларидан имтиёз қўлланган ҳолда рўйхатга олинган.
Бироқ ўрганилиш жараёнида маълум бўлишича, товарлар ҳақидаги маълумотлар ҳужжатларда нотўғри кўрсатилган. Оқибатда салкам 237 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёзни ноқонуний тарзда олган.
Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ушлангани, Ўзбекистонга ноқонуний йўл билан киритилган 5,4 килограмм заргарлик буюмлари божхонада тўхтатиб қолингани ҳамда Самарқандда 48 миллион сўмдан ортиқ дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилгани ҳақида хабар берилганди.