Бухоро вилоятининг Бухоро туманида карантин пайтида ноқонуний фаолият кўрсатган «Чорний квадрат» тунги клубининг яширин фаолиятига чек қўйилди
Маълум бўлишича, Бухоро туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан туманда карантин тартиб-қоидаларига амал қилиниши юзасидан тунги рейд ўтказилган.
Рейдда кучайтирилган карантин бўлишига қарамасдан тунги соат соат 22:30 да «Мустақиллик» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Чорний квадрат» дискобари 13 нафар мижозга хизмат кўрсатаётгани аниқланган.
Яширин тарзда мижозларга хизмат кўрсатаётгани маълум бўлган «Чорний квадрат» тунги клуби раҳбарияти ИИБ ходимларининг талабига қарамай, бир соатга яқин вақт давомида клуб эшигини очмаган. Тадбир давомида қонунга мувофиқ чора қўлланилган ҳолда ичкарига кирилган.
«Клубда ёш йигит-қизларнинг мусиқа остида овқатланиб, чилим чекаётгани ойдинлашди. Улар орасида вояга етмаганлар ҳам борлиги жуда ачинарли», — дейди туман ИИБ масъули.Тунги клуб раҳбари 46 ёшли Қ.Б. клубни 26 ёшли аёл Г.И.га вақтинча фойдаланиш учун ижарага берган.Огоҳлантиришларга қарамай, карантин даврида ҳам мижозларга хизмат кўрсатган Г.И.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисми (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.Эслатиб ўтамиз, ушбу модда билан айбланган фуқаронинг айби исботланса, фуқарога базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинади.Туман ИИБнинг қўшимча қилишича, клубнинг 13 нафар мижози ҳам эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш моддаси билан айбланиб, уларга ҳам чора кўрилади.