Ассалому алайкум, азиз дўстлар ҳурматли тумандошлар!
Авваламбор, Сиз азизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ ва энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 31 йиллиги билан самимий муборакбод этаман. Шу кунларда Республикамизда халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами, улкан жасорати ва матонати билан 1991 йил 31 августда қўлга киритилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги куни кўтаринки, байрамона кайфиятда орзиқиб кутилмоқда. Бу тарихий кун кўп минг йиллик тарихимиздаги ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти йиллар, асрлар ўтгани сайин тобора ортиб борадиган буюк тарихий воқеадир. Фахр билан айтиш керакки, биз бугун жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга, иқтисодиёти барқарор ривожланаётган, эркин фуқаролик жамияти сари дадил қадам ташлаётган келажаги буюк ва қудратли мамлакатда яшамоқдамиз. Хусусан, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ниҳоятда улуғвор мақсадлар ўз ифодасини топган. Бу дастурий ҳужжатда Ўзбекистонни дунёнинг етакчи давлатларидан бирига айлантириш, инсон манфаатларининг устуворлигини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Унинг замирида халқнинг оғирини енгил қилиш, дардига малҳам бўлиш, ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашдек эзгу ният мужассам. 1 сентябрь – Мустақиллик куни мамлакатимиз истиқлолга эришган, жаҳон харитасида янги, мустақил ва суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлган, халқимизнинг асрий орзу-интилишлари рўёбга чиққан буюк тарихий сана бўлиб, эл-юртимиз томонидан энг улуғ, энг азиз байрам сифатида доимо катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келинмоқда. Истиқлолнинг жорий йилги тантаналари “Янги Ўзбекистонда эл азиз инсон азиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этганлиги ва шу ғоя асосида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг кўтаринки руҳда ўтаётгани билан жуда қадрлидир. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтариш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, унинг қадри, шаъни ва ғурурини етакчи ўринга олиб чиқиш устувор вазифамизга айланган ҳозирги вақтда юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва бўлинмаслиги, сарҳадларимиз даҳлсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга интилиш кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланиб бормоқда. Буюк истиқлолимизнинг халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини камол топтириш, юртимизни ҳар томонлама эркин, обод ва фаровон мамлакатга айлантиришдаги улкан аҳамият ва моҳиятини ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини муносиб кутиб олиш ва ушбу қутлуғ санани юксак даражада нишонлаш кишига фахр-ифтихор бағишлайди.
Туман маркази ва қишлоқларимиз қиёфаси тобора замонавийлашиб бораётгани, аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш, кекса авлод вакилларини, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва табиий газ таъминотини яхшилаш, йўлларимизни равон қилишга қаратилган ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Бу ишларнинг ёрқин мисоли сифатида 2022 йилнинг 9 ойи давомида туманимиз аҳолисини уй жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида тумандаги “Дўстлик” МФЙ ҳудудида лойиҳа қиймати 14,552 млрд. сўм эвазига 4 та 5 қаватли хонадонлар ўз эгаларига топширилди. Аҳоли яшаш тарзини яхшилаш, уларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида тумандаги “Бешработ” МФЙда 4.6 км, “Ҳажувон” МФЙда 10.8 км, “Ниёзхўжа” МФЙда 11.2 км ичимлик суви тармоғи тортилди ва 1 та сув иншооти мукаммал таъмирланди. “Хайрабод” МФЙда 10 км ичимлик суви тармоғи тортилиб, 1 та сув иншоотини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Туманда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, ички йўллар, пиёдалар йўлаклари ҳамда кўча чироқлари ўрнатиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 2,347.1 млдр сўм эвазига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан “Хайрабод” МФЙда 5,56 км ички йўллар таъмирланди. Шундан 1,19 км йўл бетонлаштирилди, 2,3 км йўлга асфальт ётқизилди, 2 км йўл шағаллаштирилди. Маҳалланинг асосий кўчасида фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида пиёдалар йўлаклари қурилди ва кўча чироқлари ўрнатилди. “Ниёзхўжа” МФЙ ҳудуддида 3,248 млрд. сўм маҳалий бюджет маблағлари эвазига 6,2 км ички йўллар таъмирланди. Бундан ташқари туман марказидаги кўчаларни ободонлаштириш мақсадида 4,5 км пиёдалар йўлаги қурилиб, кўча чироқлари ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Келажагимиз эгаларининг илму маърифатли инсонлар бўлиб улғайиши Давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу борадаги умумтаълим мактабларидан мукаммал ва мустаҳкам пойдеворни қўйиш мақсадида мамлакатимизда замонавий ва қулай имкониятлар яратилмоқда. Бугунги даврнинг ўзи биздан таълим сифатини янада ошириш ва соҳа оид фан янгиликлари, инновацион ғояларни кенг жорий этишни талаб этмоқда. Ёшларимизнинг бўш вақтини мазмунли ва фойдали ўтишини ташкил этиш, уларнинг билим олишлари, китобхонликка бўлган қизиқишини рағбатлантириш масаласи бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Туманимизда ёшларимизга байрам туҳфаси сифатида собиқ прокуратура биносини 1.86 млрд маблағ эвазига замонавий қиёфадаги “Ёшлар маркази” биноси келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар учун фойдаланишга топширилди ва 500 млн сўм маблағлари эвазига замонавий жиҳозлаш ишлари якунланмоқда.
Давлат инвестиция дастури асосида “Чангарон” МФЙ ҳудудида жойлашган 8-умумий ўрта таълим мактабида мукаммал таъмирлаш ишлари бошланиб, умумий лойиҳа ва смета ҳужжатлари асосида 5,4 млрд сўм маблағ ҳисобида мукаммал таъмирлаш ишлари ҳамда “Ўзбакон” МФЙ ҳудудида жойлашган 34-сон умумтаълим мактаби 3,3 млрд сўм маблағлар эвазига реконструкция ишлари якунланди ва топширилди.
Бундан ташқари “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида “Ниёзхўжа” МФЙ ҳудудида жойлашган 19-умумтаълим мактаби биноси 2,8 млрд. сўм маблағ ҳисобида реконструкция ишлари ҳамда “Хайрхуш” МФЙ ҳудудида жойлашган 24-умумтаълим мактаби биноси 3,4 млрд сўм маблағ ҳисобида реконструкция ишлари амалга оширилди. Шуни айтиш жоизки, яқин йилларда мактабгача таълим соҳасига эътибор бироз сусайганди. Муҳтарам Юртбошимиз томонларидан ана шу соҳага алоҳида ғамхўрлик кўрсатилаётгани бутун халқимизни чексиз хурсанд қилмоқда. Ана шу ғамхўрликнинг ёрқин ифодасини туманимиз мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Айни пайтда туманимизда хусусий ва давлат хусусий шерикчилик асосида нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил қилиш, боғчаларни капитал реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилда “Розмоз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қуввати 90 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти биносини қурилиш ишларини, лойиҳа қиймати 3 млрд сўм маблағ эвазига давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди.
– “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида “Ниёзхўжа” МФЙ ҳудудида жойлашган, 90 ўринга мўлжаллаб 31-давлат мактабгача таълим ташкилоти 1,5 млрд сўм маблағ ҳисобига мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Сўнгги йилларда Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида маҳалла тизимининг жамиятдаги нуфузини ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг исботи ўлароқ туманда 5 та замонавий маҳалла марказлари “Қўқин”, “Ўзбакон”, “Мирвоши”, “Чармгарон”, “Шифокор” маҳалла марказларида қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб фойдала фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда мамлакатимизда, айниқса туманимизда олиб борилаётган ишларнинг барчаси фуқароларимизнинг тинчлиги ва фаровонлигига қаратилгани, барча ерда бўлгани каби туманимизда ҳам “Янги Ўзбекистонда эл азиз инсон азиз!” деган ғоянинг қалбимизга жо бўлганини фахр ва ифтихор билан тилга олсак арзийди. Биз бугун бутун туман аҳли билан энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг ўттиз бир йиллигини ҳамжиҳатликда нишонламоқдамиз. Бу хуш айёмга, мана, ўттиз бир йилдирки, танти ва меҳнатсевар ҳалқимиз – раҳбардан тортиб оддий ходимгача, ёши улуғ инсонлар ва оловқалб ёшлар – барча ўзларининг самарали меҳнатлари ва ибратлари билан муносиб совға ҳозирлаб келишаяпти.
Бир сўз билан айтганда, ҳар ким тўйга тўёна билан боради. Шуни эътироф этиш жоизки, катта бунёдкорлик ишларини бажараётган ва озод Ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган тумандошларимиз бу қутлуғ айёмга муносиб меҳнат совғаларини ҳозирлаб қўйганликлари айни муддаодир. Барчангизга сиҳат-саломатлик, янги-янги ютуқлар, оилавий хотиржамлик ёр бўлсин, фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш насиб этсин! Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, жонажон Ўзбекистонимиз омон бўлсин!
Улуғ айёмингиз муборак бўлсин, қадрли дўстлар, азиз тумандошлар!