Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги
“2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури тўғрисида”ги ПФ-5953-сонли Фармонига асосан зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган йўналишлардаги маданий мерос ва архитектура объектлари сонини 800 тага етказиш, жумладан Бухоро вилоятидаги маданий мерос объектларини Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари орасида кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда 2020 йилда Бухоро вилоятида сайёҳлар ташриф буюрадиган объектлар сонини 139 тага етказиш мақсадида вилоятда бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Жумладан:
“Бухоро тарихий маркази” ҳудудида жойлашган, узоқ йиллар эътибордан четда қолган, яқин кунларгача таъмирлашга муҳтож ҳолга келган “Туркий Жандий” мақбараси Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан реставрация ишларидан кейин сайёҳларни қабул қилишга тайёр ҳолатга келтирилди. Объектнинг янада узоқ йиллар асл ҳолида сақланиши учун атрофида тут кўчатлари экилиб, кўкаламзорлаштирилди. Шунингдек, маданий мерос объектига Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан масъул хизматчи ходимлари бириктирилди.
Мазкур объектга қўшимча равишда касса хизмати ҳамда бугунги кундаги COVID 19 пандемияси даврида сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш учун дезинфекцияловчи тунеллар ва антисептик воситалар билан таъминланди.
Жорий йилда узоқ йиллар эътибордан четда қолган 10 дан ортиқ маданий мерос объектларини янги туристик маршрутга қўшиш ҳамда бу билан мамлакатимизга, айниқса, вилоятимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб бориляпти.