Ўзбекистондаги академик лицейларга саралаш имтиҳонларини ўтказиш 2020 йилнинг 2 сентябрдан 20 сентябргача бўлган вақт оралиғида режалаштирилган. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг матбуот котиби Фарҳод Бабашев 11 август куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Хабар берилишича, саралаш имтиҳонларининг тартиби, академик лицейлар кесимида ўтказиш муддати тўғрисида қўшимча маълумотлар тақдим этилади.
Фарҳод Бабашевнинг билдиришича, академик лицейларга саралаш имтиҳонларини ўтказиш 2 сентябрдан 20 сентябргача бўлган вақт оралиғида режалаштирилгани сабабли 9-синфни битириб, академик лицейга ҳужжат топширган ўқувчилар ўқишга қабул қилингунга қадар ўзи ўқиётган мактабда ўқишни давом эттириб туриши керак бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ОТМларига кириш имтиҳонлари 2 сентябрдан бошлаб икки сменада стадионларда ўтказилади ва 14 кун давом этади. ОТМлардаги таълим эса масофавий шаклда бошланади. Халқ таълими вазирлиги эса ўқув йилини бошлаш бўйича учта сценарий устида иш олиб бораётганини маълум қилган.