Коронавирус дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва ҳеч кимни четлаб ўтаётгани йўқ. Юртимизда ҳам кун сайин таниқли инсонлар, давлат ва ҳукумат аъзолари COVID-19 вирусини юқтирганликлари ҳақидаги хабарлар ортиб бормоқда. Хусусан, вилоятлар ҳокимларининг ҳам. Айтмоқчи бўлганимиз, кўзга кўринмас бу бало мансаб, мавқе, лавозим танлаётгани йўқ. Бироқ ҳозир гап бошқа масала ҳақида.
Аниқроғи, кейинги кунларда Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловнинг касалликка чалиниб, айни пайтда Тошкентдаги шифохонада муолажа олаётганлиги ижтимоий тармоқларда турли мунозаларга сабаб бўлмоқда. Хўш, нега Карим Камолов вилоятда эмас, пойтахт шифохонасида даволаняпти, бу ҳолат вилоятдаги шифокор-мутахассисларга ишончсизлик эмасми, мазмунидаги саволлар ўртага ташланмоқда.
Вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Нарзиевнинг маълум қилишича, Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камоловда жорий йилнинг 25 июль куни коронавирус инфекцияси тасдиқланган. Шу кундан бошлаб вилоят раҳбари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро вилоят филиалида муолажа олишни бошлаган. (Агар Карим Камолов маҳаллий шифокорлар ва шифохоналарга ишончи бўлмаганида ўша заҳотиёқ пойтахтга борган бўларди!)
Амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги Тиббиёт Бош бошқармаси рўйхатида туриб, зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида. Шунга мувофиқ, ушбу Тиббиёт Бош бошқармасининг талабига кўра Карим Камолов 29 июль куни даволаш муолажаларини давом эттириш учун Тошкент шаҳридаги клиникага кўчириб ўтказилди. Вилоят ҳокими ўтган 3 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда. Ҳозирда Карим Камоловнинг аҳволи яхши. У яқин кунларда тўлиқ тузалиб, ўз фаолиятини давом эттиради.