Кеча президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги ва даромад манбаи билан таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлат раҳбари томонидан умумтаълим мактабларида касбга ўқитишнинг янги тизимини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.
«Аввало, мактаб битирувчиларини ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилда умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз тамомлади. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга киради. 95 мингдан зиёди ишга жойлашган тақдирда ҳам, яна 200 мингга яқин ёшларнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланди. Навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўланади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Бунинг учун 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг касблар кесимида қизиқиши аниқланади. 8-9-синф ўқувчилари дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллайди. 10-синфдан робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш йўлга қўйилади.
Жорий йил охиригача маҳаллаларда 136та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича топшириқ берилди. Бу мақсадлар учун Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Бандликка кўмаклашиш жамғармасига 200 миллиард сўм ажратиш, ўқув курсларини, аввало, камбағаллик энг юқори бўлган маҳаллаларда ташкил этиш кераклиги таъкидланди.