Британиялик тадқиқотчилар томонидан олиб борилган янги изланишлар натижасига кўра, коронавируснинг йўталиш, иситма ва ҳид билиш қобилиятини йўқотиш каби аломатлари қаторига терига тошма тошишини ҳам қўшиш керак.
Олимлар ўз тадқиқотларида Буюк Британияда яратилган “CОVID симптомларини ўрганиш” деб номланган мобил иловадан фойдаланишган бўлиб, бу иловада одамлар ўзларидаги коронавирус аломатларини ёзиб бориши мумкин. Ушбу илова орқали 336 минг кишидан коронавирус симптомлари ҳақида маълумот олинган. Ажабланарлиси шундаки, уларнинг кўпчилигида тери тошмалари кузатилган.
Унга кўра, коронавирусни юқтириб олганларнинг 8.8 фоизининг терисида касаллик аломати сифатида тошмалар ҳам пайдо бўлган. Бу эса тошмалар CОVID-19 билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
«Кўплаб вирусли инфекциялар одам терисига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун коронавирусга чалинган беморларнинг терисида тошмалар пайдо бўлиши ғайриоддий ҳодиса эмас. Лекин, одамлар шуни билишлари муҳимки, баъзи ҳолларда теридаги тошмалар коронавируснинг биринчи ёки ягона аломати бўлиши мумкин. Шунинг учун сиз терингизда янги тошма пайдо бўлганини кўрсангиз, буни жиддий қабул қилишингиз ва ўзингизни изоляцияга олиб, имкон борича тезроқ коронавирусга тест топширингиз керак», дейди ушбу тадқиқот муаллифи дерматолог Вероника Батайле.
«Бу тадқиқотдан олинган маълумотлар шуни кўрсатадики, одамлар ўзларининг терисидаги шиш, тошма каби ҳар қандай ўзгаришларга жиддий эътибор бериши керак. Аҳолининг коронавирус билан боғлиқ бўлган тошмалар ҳақида эртароқ маълум қилиши ушбу инфекциянинг аниқланиши ва унинг тарқалишини тўхтатишга ёрдам бериши мумкин», дейди Британия дерматологлари ассоциацияси президенти Таня Блейкер.