Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг жорий йил 7 июлдаги 33-сонли баёнига мувофиқ 2020 йил 10 июлдан 1 августига қадар республика миқёсида бир қатор карантин чекловлари қайта тикланиб, айрим фаолият турлари, шунингдек, автотранспорт воситаларининг ҳаракати қатъий чекланганидан барчамиз яхши хабардормиз.
Карантин талаблари янада кучайтирилгани ҳолда республика махсус комиссиясининг шу йил 10 июлдаги 35-сонли баёнига мувофиқ жорий йил 18-19 июль ҳамда 25-26 июль, шанба ва якшанба кунлари бутун суткалар давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, шунингдек, автотранспорт воситалари, йўналишсиз таксилар ҳаракати, шунингдек, жойларда барча савдо ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, бозорлар, умумий овқатланиш шахобчалари фаолияти тўхтатилади.
❗️Давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга 18-19 июль ҳамда 25-26 июль, шанба ва якшанба кунлари ишчи-ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг бу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия қилинади.
Фаолият ва ҳаракат кескин чекланаётган бу кунларда оиламиз учун зарур озиқ-овқат заҳирасини яратиш мақсадга мувофиқдир.
Азиз юртдошлар, муҳтарам бухороликлар! Шуни унутмайликки, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиши занжирини узиш мақсадида қўйилаётган юқоридаги талабларга қатъий ва сўзсиз амал қилган тақдирдагина нафақат ўзимиз, балки оиламиз, яқинларимиз ҳаёти ва саломатлигини асраб-авайлаган бўламиз!
Қанчалик оғир ва қийин бўлмасин, уйда қолайлик, сабрли бўлайлик, азизлар!