Бухоро туманида 71,1 миллион сўмлик сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини сақлаш ҳамда сотишга уринган аёлга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Аниқланишича, аёл Тошкентдаги дорихоналардан турли дори воситаларини харид қилиб, Бухоро шаҳри ва вилоятнинг бир нечта туманларидаги дорихоналарга етказиб беришга уринган. У маҳсулотларни ташиш учун ҳайдовчини ҳам ёллаган.
Божхона бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда автомашинадан 5 қути, аёлнинг уйи ертўласидан эса яна 7 қути дори воситаси аниқланган.
Экспертиза натижасида улар орасида давлат рўйхатидан ўтмаган 32 турдаги, сертификатсиз 57 турдаги, сифатсиз 6 турдаги ва қалбакилаштирилган 4 турдаги дори воситалари борлиги маълум бўлган.
Суд аёлга Жиноят кодексининг 186³-моддаси 2-қисми «б» банди билан 4 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Қалбаки ва сифатсиз дориларни йўқ қилиш белгиланди.

