Бухорода киберфирибгарлар Ғиждувон тумани ҳокими Фарҳод Умаровнинг Telegram аккаунтини эгаллаб, унинг номидан танишларидан қарз сўраб 80 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган.
Тергов материалларига кўра, фирибгарлар ҳокимга вирусли ҳавола юбориб, унинг Telegram аккаунтини қўлга киритган. Шундан сўнг ҳоким номидан турли раҳбар ва мансабдорларга 7 млн сўмдан қарз сўраб хабарлар юборилган.
Натижада Вобкент тумани ҳокими ёрдамчиси, Ғиждувон туманидаги бир қатор давлат идоралари раҳбарлари ва бошқа танишлари жами 80 млн сўмдан ортиқ маблағни фирибгарлар кўрсатган банк карталарига ўтказиб беришган.
Терговда аниқланишича, ушбу маблағлар аввалдан тайёрланган «дроп» банк карталари орқали айлантирилган. Жиноят иши доирасида гумондорлар ушланиб, суд томонидан тегишли ҳукм чиқарилган.

