6 декабрь куни вилоят мусиқали драма театрида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари мутасаддилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, «Нуроний» ҳамда «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш тизими жамоалари, шунингдек, қатор корхона-ташкилотлар, муассасалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тантанада сўзга чиққан вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ботир Зарипов йиғилганларни, улар тимсолида мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда ўз ҳиссасини қўшаётган вилоятимиз халқини қутлуғ сана, давлатимиз Конституцияси қабул қилинган кун билан самимий муборакбод этди.
Байрам тадбирида вилоят маданият бошқармаси, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси, «Ўзбекконсерт» давлат муассасаси томонидан тайёрланган бадиий мусиқий композицион дастур намойиш этилди.
Вилоятимиз санъат усталари, бадиий жамоалар, болалар мусиқа ва санъат мактаби тарбияланувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури, Ватан, истиқлолни мадҳ этиб ижро этилган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият бағишлади.