Сафаров Азиз Сулаймонович
Бухоро туманлараро иқтисодий суди раиси
Аннотация:
Мақолада келишув битимининг мазмуни, иқтисодий судларда келишув чораларини кўриш боғлиқ масалалар ҳамда суд амалиётидаги мавжуд муаммолар таҳлил қилинган.
Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудударни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.
Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган иқтисодий сиёсий шароитда тадбиркорларнинг таваккалчиликка асосланган фаолиятини олиб боришида, унда контрагентларнинг ишонч, ҳурмат ва ўзаро ҳамкорлик асосида бизнесни ташкил қилишида бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Бу ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликнинг тарқалиб кетишига, ҳатто айрим ҳолатларда катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолатларда низони келишув йўли билан ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда, келишув битими нима деган савол туғилади.
Аслида, келишув битими низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал қилиш йўллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик кўрсатилади. Бундай келишув баҳсли вазиятни тугтатади, муаммони тугатади. Бошқа ҳар қандай шартнома муносабатларидан ўзига хос хусусияти суд томонидан маъқуллаш зарурати бўлиб, эришилган келишув суд қарори кучини беради.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.
Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади. Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорида Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши, ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Яна шуни қайд этиш лозимки, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.
Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш масаласи келишув битими судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда кўрилади.
Келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажримнинг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
1) келишув битимининг шартлари;
2) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса;
3) суд харажатларини тақсимлаш;
4) иш юритишни тугатиш ҳақидаги маълумот.
Бундан ташқари, келишув битимини тасдиқлаб беришда судлар қуйидаги ҳолатларга аҳамият беришлари лозимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 134-моддасига кўра, суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар: 1) унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса; 2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса; 3) у шарт асосида тузилган бўлса.
Аммо, суд амалиёти таҳлили бу борада муаммолар мавжудлигини кўрсатди.
Мисол учун,Банк судга ариза билан мурожаат қилиб, “М” хусусий корхонаси билан 2022 йил 14 ноябрь куни тузилган келишув битимини тасдиқлашни сўраган.
Тарафлар ўртасида тузилган келишув битими ижро жараёнида тузилган бўлиб, унда “М” хусусий корхонаси мавжуд қарздорликни бўлиб-бўлиб тўлаши, агар тўлов амалга оширилмаса Банкда қайта ижро варақаси олиш ҳуқуқи пайдо бўлиши кўзда тутилган.
Ушбу ҳолатда тарафлар ўртасида тузилган келишув битими шарт асосида тузилганлиги сабабли суд уни тасдиқлашни рад қилишни лозим топган.
Яна бир бошқа ҳолатга кўра, Банк манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси “Р” фермер хўжалигидан асосий кредит қарзини ундиришни сўраган.
Суд мажлисида даъвогар вакили тарафлар ўртасида 2021 йил
21 октябрда тузилган келишув битимини тақдим этиб, келишув битими қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлганлиги учун, уни тасдиқлаб беришни сўради.
ИПКнинг 63-моддасига кўра, судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.
Аниқланишича, келишув битими ФХ томондан унинг раҳбари Р.Ҳ ва банк томонидан унинг раҳбари А.О. томонидан имзоланган. Бироқ, банк раҳбари А.О.га берилган 2021 йил 19 октябрдаги ишончномада келишув битимини имзолаш ваколати унга берилмаган.
Келишув битими ваколати бўлмаган шахс томонидан имзоланганлигини ҳисобга олиб, ИПКнинг 134-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига ва
63-моддаларига таянган ҳолда суд уни тасдиқлашни рад этишни ва ишни мазмунан кўриб чиқишни лозим топган.
Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни кучайишига, тарафлар ўртасида дўстона муносабатларнинг сақланиб қолиши, иқтисодий судларга низоларни тез ва тўғри ҳал этилиши, шунингдек, судларда низоларнинг камайишига сезларли даражада таъсир кўрсатди.