⚡️ Айни кунларда ижтимоий тармоқларда “Фалон фирма билан ҳаж қилинг!”, “Ҳаж сафари учун саноқли жой қолди!”, “Ҳаж учун ярим нархни тўланг!” каби жимжимадор сарлавҳа остидаги рекламалар кўпаймоқда. Айримлар умра визаси, туристик (зиёрат) виза, бизнес виза билан ҳаж қилишни ваъда қилмоқда, бунинг мутлақо имкони йўқ!
🔺 Ёдингизда тутинг! Саудия Арабистонида Ҳаж амалларини бажариш учун сизда “Ҳаж-2023” визаси бўлиши шарт.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ чет эл фуқаролари учун ҳаж ибодатини адо этишнинг асосий шарти ҳаж визасига эга бўлиш ҳисобланади. Қолган барча турдаги визалар (умра, туризм, бизнес, зиёрат ва б.лар) билан ҳаж тадбирини амалга ошириш Саудия қонунчилигига кўра қатъиян тақиқланган ва тегишли тартибда жазоланади.
🟥 Унутманг! Ўзбекистон учун ажратилган ҳаж квотаси фақатгина Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этиладиган Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларга ажратилган, шундай экан, айримларнинг Ўзбекистон орқали Ҳаж сафарига жўнатамиз, деган алдовларига учманг! Улар фуқароларимизни бошқа давлатлар орқали ноқонуний тарзда олиб кетишга уринишмоқда. Бу эса, қонуний асосга эга бўлмаган ва ҳаж ташкил этишга ваколати йўқ кимсаларнинг уринишидир. Кези келганда айтиб ўтиш керак-ки, бу каби хатти-ҳаракатлар Саудия Арабистони Подшоҳлиги ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида қатъий чора кўрилишига сабаб бўлади.
📃 Аввал хабар берганимиздек, муборак сафарларга ноқонуний йўллар билан боришга интилиш Саудия Арабистонидан депорт қилиш ва Саудия Арабистонига ҳар қандай виза билан 10 йил муддатга киришни тақиқлаш ҳамда 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солишга олиб келади.
❇️ Маълумот учун, биргина 2022 йил Ҳаж масумида 500 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси туристик ва бизнес виза орқали Саудия Арабистонига ташриф буюриб, Ҳаж ибодати майдони “Машоир”га кира олмаганлар. Ҳаж мавсуми арафасида зиёрат виза (туристик) олган ҳолда Бирлашган Араб Амирликлари ва Иордания давлатлари орқали келган 1500 нафарга яқин фуқароларимиз эса Саудия Арабистони ҳудудига киритилмаган. Жумладан, 155 нафар фуқароларимиз Подшоҳлик ҳаж қонунчилигини бузганлик учун Саудия Арабистонидан 10 йил муддатга депортация қилинган.
✅ Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, юртимизда “Ҳаж” тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади. Шунга кўра, ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди.
❗️Азиз юртдошлар, огоҳ бўлинг, фирибгарларга алданманг!
Дин ишлари бўйича қўмита