Қизни зўрлаб ўлдирганликда гумонланаётган шахс ЖКнинг 6 та моддаси билан айбланмоқда.
Аввалроқ, Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов 12 ёшли қизнинг қотиллиги билан боғлиқ жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилганини хабар берган эди.
Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидов мазкур суд ёпиқ тарзда ўтказилишини маълум қилди.
Унга кўра, ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “в”, “ж”, “з”, “о” бандлари, 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “в” банди, 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми, 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми, 134-моддаси (қабрни таҳқирлаш), 137-моддаси (одам ўғирлаш) 3-қисми “б” банди ва 226-моддаси (маъмурий назорат қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган А. Т. (1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган) га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг иш юритувига келиб тушган.
Қайд этилишича, ЖПКнинг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, қўшимча маълумот суд жараёни якуни бўйича берилади.