Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди судьяси маълум қилди.
57 ёшли ғиждувонлик фуқаро Халил Самаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддаси (Кўп хотинли бўлиш) билан айбланган. Ҳолатга кўра, у 2016 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг июль ойига қадар қонуний никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи Дилдора Йигитова билан яшаб келган.
Бироқ, Халил Самаров никоҳида хотини бўла туриб, ундан қонуний ажрашмаган ҳолатда 2016 йилда Самарқанд вилояти, Қўшработ туманида истиқомат қилувчи Мафтуна Самандарова билан ҳам шу хонадонда шаръий никоҳда яшаб келган.
Халил Самаров судда айбига иқрор бўлган. Қилмишидан пушаймонлигини билдириб, қонуний енгиллик сўраган. У яшаш ҳовлисининг ўртасидан девор тиклаб, уйни иккига ажратган. Бир неча йил сарсон-саргардонликда яшаган биринчи хотини ва икки нафар қизи учун шароит яратиб беришга мажбур бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли, деб топилган Халил Самаровга нисбатан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.