Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан Хўжайли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам қатор ишларни амалга оширмоқда. Ушбу хайрли ташаббуслар доирасида куни кеча тумандаги ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 10 жуфт келин-куёвларнинг никоҳ ҳамда 10 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилди.
Ушбу мақсадда туман миқёсида энг чекка овул ва маҳаллаларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг яшаш шароитлари, ҳол-аҳволлари ўрганилиб, аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда кўмакка муҳтож бўлган оилалар рўйхати шакллантирилди.
Тадбирга келин-куёвлар, тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар таклиф этилди. Тадбирда сўз олганлар янги оила қураётган ёшларга, суннат тўйлари нишонланаётган тўй болаларга эзгу ният ва истакларини билдириб, уларга бахт ва омадлар тиладилар.
Шундан сўнг никоҳ тўйлари ўтказилаётган ҳар бир келин-куёвга ва тўй болаларнинг ҳар бирига қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Бухоролик ва қорақалпоғистонлик санъаткорлар иштирокидаги саҳналаштирилган концерт дастури эса йиғилганларга завқу шавқ улашди.
Шунингдек, шу куни тумандаги махсус мактаб интернатида ҳам хайрия тадбирлари ташкил этилди. Муассасаларда тарбияланаётган болаларга байрам совғалари топширилди.
Мазкур хайрия тадбирларидан кўзланган мақсад –Оролбўйи ҳудудидаги олис маҳалла ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш ва турмуши фаровонлигини ошириш ишларига муносиб ҳисса қўшишдир.