Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида босқичма-босқич янги замонавий қўшимча бинолар қуриб ишга тушириш ишлари жадал амалга оширилмоқда. Шулар қатори бугун марказлаштирилган иш тизимига эга, жаҳон андозаларига мос талаб ва эҳтиёжлар асосида қурилган ошхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ошхона биносининг ишга тушиш маросимини филиал директори Т.Мусоев қизил лентани кесиш орқали очиб берди. Очилиш маросимида қатнашган бир гуруҳ фаоллар, филиал маъмурияти аъзолари, қурувчилар ва ошхона ходимлари ушбу тадбирнинг бевосита иштирокчиси бўлдилар. Янги ошхонада яратиб берилган шароитлардан ошхона ходимлари мамнун эканликларини изҳор этдилар.
Ошхонада овқат тайёрлаш, омборхона, маъмурий-маиший ва бошқа хоналар амалдаги қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига муофиқ ташкил қилинган. Шунингдек ошхона биноси водопровод, канализация, марказий иситиш, иссиқ сув таъминоти ҳамда ҳавони куритиш ва тортиш тизими билан жиҳозланган. Бундан ташқари ошхона биносида кийиниш хонаси, кийимларни сақлаш учун шкафлар, ходимлар хонаси (дам олиш ва овқатланиш учун) ва бошқа керакли жиҳозлар мавжуд.
Технологик, электр ва механик ускуналар билан ишлаш учун улардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича масъул ходимлар бириктирилиб, ҳар битта ускуналарни хавфсиз ишлатиш учун меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларига амал қилиш тартиби йўлга қўйилган.
Барча қўлланиладиган электр жиҳозлари (машиналар, аппаратлар, ўлчов асбоблари, симлар, кабеллар ва бошқалар) хавфсизлик техникаси талабларига жавоб бериш сертификатига эга. Янги лойиҳа билан қурилган ошхонада газ ва электр токи ёрдамида қизитилувчи борт юзалари ва тутқичларга эга плиталар ва эшикли ўтхона ҳамда хоналарни шамоллатиш учун сўрувчи вентиляция, форточкалар ҳамда эшиклар ўрнатилган.
Мазкур яратиб берилган замонавий шарт-шароитлар учун қурувчилар ва мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Фурсатдан фойдаланиб, беморларга парҳез таомлар тайёрлаб беришни ўз вақтида таъминлаш , уларнинг дардига дармон бўлишда ошхона ходимларига омад тилаймиз.