Бухоро давлат университетида талабаларнинг сифатли таълим олиши, ўқув жараёнларини қулай муҳитда ўзлаштириши, барча шарт-шароитга эга замонавий аудиторияларда ўқишлари учун бор куч ва салоҳият сафарбар қилинмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида бугун очилиш маросими ўтказилган Хорижий тиллар факультетининг янги ўқув биносини айтиш мумкин.
Бухоронинг сўлим марказий кўчаларидан бирида қад ростлаган янги бино талабалар учун чинакам туҳфа бўлди. Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари Мирали Ҳамроев, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Хамидов ҳамда Хорижий тиллар факультети декани Нозимжон Атабоевлар ҳамда кўп сонли педагог-ходимлар, талабалар иштирокида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Янги бинодаги кафедралар ҳамда аудиториялар билан танишиш асносида Француз филологияси кафедрасига «Қўшма дастур» асосида Франциядан ташриф буюрган ўқитувчи Эван билан самимий суҳбатлашилди. БухДУдаги фаолияти ҳақида ўртоқлашган Эван бугунги кунда талабаларнинг тиришқоқлиги, тез кунларда яхши натижалар кўрсатишлари хусусида гапирди.
Эндиликда бу ерда янгича ўқув хоналари, кафедралар, ошхона, фаоллар зали, кутубхона бунёд этилди. Факультетда хорижий тиллар соҳасига қизиқувчан ёшларнинг таълим соҳасини пухта ўзлаштиришлари учун нимаики зарур бўлса, барчаси ҳозирланмоқда.