Бугун, 25 ноябрь куни Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев Россиянинг “Macroskop” компанияси раҳбари Ксения Телицынани қабул қилди. Ўзаро мулоқот чоғида “Smart city” концепцияси асосида энг замонавий инновацион ечимларга эга рақамли хавфсиз шаҳар ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Маълумки, муҳтарам Президентимиз томонларидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг энг замонавий ва самарали усулларини ҳаётга татбиқ этилгани ҳам бежиз эмас. Тараққиёт давом этмоқда, йўлларда тирбандлик ҳам ортиб бормоқда.
Биргина шу соҳани олиб кўриладиган бўлса, йўлларни ҳам “Ақлли шаҳар” концепцияси асосида замонавий инфратузилма билан жиҳозлаш, бунда ҳаракат иштирокчиларини жаримага тортиш эмас, балки муаммоларнинг энг оптимал ечимларини сунъий интеллект ёрдамида топиш ва инсонларга тартиб асосида енгиллик яратишга эътибор қаратилади.
- Ўзбекистон, хусусан Бухоро вилояти Ромитан туманида тадбиркорлик ривожи учун қулай муҳит, инвесторлар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилгани учун ҳам ҳамкорлик учун туманингизни танладик,-деди Россиянинг “Macroskop” компанияси раҳбари Ксения Телицына.
Делегация вакиллари “Ақлли шаҳар” бўйича ўзларининг таклифлари тақдимотини ўтказдилар. Шунингдек, Белгия, Қозоғизтон, Россия каби мамлакатларда амалга оширилган лойиҳалар тажрибаси ўртоқлашилди.
Самимий руҳда ўтган мулоқот натижасида келгусида амалга оширилиши керак бўлган инсон омилидан деярли фойдаланилмайдиган замонавий кузатув тизимлари туманда жорий қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.