Когон шаҳар ИИБ маълумотларига кўра, Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида яшовчи 1983-йилда туғилган «Микрокредитбанк» АТБ Когон Банк хизматлари мутахассиси 2020 йил 14 сентябрьдаги кредит шартномасига асосан, Когон туманида истиқомат қилувчи бир фуқарога ажратилган 30.000.000 сўм ижтимоий кредитни ҳужжатлаштириб бериш жараёнида, солиқ тўлови ва бошланғич тўлов сифатида деб 4.700.000 сўм талаб қилиб, алдов йўли билан ушбу пулларни қўлга киритган.
Шунингдек, у яна бир фуқарога расмийлаштирилган 22.500.000 сўм микроқарз маблағларидан 1.800.000 сўм ортиқча тўловни алдов йўли билан ундириш орқали қўлга киритган.
Бундан ташқари у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, яна бир фуқарони алдаб, «Микрокредитбанк» АТБ Когон БХМ билан тузилган 2021 йил 12 январьдаги кредит шартномасига асосан ажратилган 30.000.000 сўм ижтимоий кредит маблағларини ўзи тўлаб беришини айтиб қўлга киритиб, ушбу кредитдан 15.000.000 сўмини тўлаб, қолган 15.000.000 сўм пулларни тўламасдан, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб, такроран фирибгарлик жиноятини содир қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, банк хизматлари мутахассиси бўлган ушбу шахснинг бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.