Вобкент тумани “Латифсобунгар” маҳалласида яшовчи Бўронов Камол кўп йилдирки, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келади. Саховатпеша ишбилармон туман миқёсида ўрганилган камхарж ва ижтимоий муҳофазага олинган оилаларда вояга етаётган 12 нафар боланинг суннат тўйига бажонидил ҳомийлик қилиш истагини билдирган.
«Инсонга наф келтириш – олий бахт» ғояси остидаги мазкур хайрия тўйи “Нодиршоҳ” базмгоҳида ташкиллаштирилди.
Тантанада тўйболалар ва улар ота-оналари, бобо-бувилари, жамоатчилик вакиллари ва туман сектор раҳбарлари жам бўлдилар. Туман ҳокими Фарҳод Умаров келажагимиз эгалари ва улар оила аъзоларини самимий табриклаб, тўйга бош қўшган саховатпешаларга ўз миннатдорлигини билдирди. Тўйболаларнинг ҳар бирига велосипед, ширинликлар совға қилинди.