Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари томонидан “Телеграм” каналида намойиш қилинган Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳар касалхонасида коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш жараёнида иштирок этган тиббиёт ходимлари махсус рағбатлантириш пулларини олмаганлиги ҳақидаги видео лавҳалар ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида Ромитан туман тиббиёт бирлашмасининг 2020 йил 20 июл кунидаги 514-сонли буйруғи ва Газли шахар касалхонасининг 2020 йил 20 июл кунидаги 37-сонли буйруғига асосан Газли шаҳар касалхонаси юқумли касалликлар бўлимида коронавирус инфекциясига чалинган деб гумон қилинган фуқаролар учун провизор типидаги шифохона ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси меҳмонхонасининг негизида мулоқотда бўлганлар учун карантин зона ташкил қилинганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сонли қарори ҳамда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20 – сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган Вақтинчалик Низомга кўра, провизор типдаги шифохоналарга кунлик 6% фоизли қўшимча тўлов тўланиши назарда тутилган. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги 20 – сонли йиғилиш баёни билан тасдиқланган Вақтинчалик Низомининг 3-бобида махсус рағбатлантириш тўловлари фақатгина Госпитал типидаги шифохоналарда жалб қилинган ходимларга тўланиши белгиланган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, Газли шаҳар касалхонаси юқумли касалликлар бўлими негизида ташкил қилинган провизор шифохонада ишлаган ходимларга уларнинг ойлик иш ҳақисига қўшимча равишда кунлик 6% фоизли тўлов тўланиши белгиланган. Ушбу қўшимча тўловларни тўлаш учун маълумотлар ва буйруқлар белгиланган тартибда Вақтинчалик Низом талабига биноан вилоят молия бош бошқармасига тақдим қилинган.
Газли шаҳар касалхонаси юқумли касалликлар бўлими негизида ташкил қилинган провизор шифохонада ишлаган ходимлар Госпитал типидаги шифохонага жалб қилинмаганлиги учун уларга махсус рағбатлантириш тўловлари тўланиши Вақтинчалик Низомнинг 3-боби талабига мувофиқ келмайди.
Бошқарма бошлиғи И.Нарзиев