ЁШЛАР ҲУҚУҚБУЗАРЛИГИ ВА ЖИНОЯТЧИЛИГИ, УЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

 ЁШЛАР ҲУҚУҚБУЗАРЛИГИ ВА ЖИНОЯТЧИЛИГИ, УЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ ЧОРАЛАРИ

Халқимизнинг бугунги тараққиёт йўли умуминсоний қадриятларга содиқлик, халқимизнинг маънавий меросини тиклаш ва ривожлантириш, инсоннинг ўз ижодий имкониятларини эркин намоён қилиш ва ниҳоят, ватанпарварликка асосланган бўлиб, бундан кўзланган олий мақсад келажаги буюк давлат барпо этишдир.

Мустақилликнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётимизнинг бошқа жабҳалари билан ўзаро чамбарчас боғлаган ҳолда, тизимли, босқичма-босқич амалга ошириладиган стратегияси белгилаб олинди.

Мазкур стратегияга мувофиқ мамлакатимизда фуқаролар эркинликлари ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида самарали ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, ёш авлодни тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эса ўз навбатида барча давлат идоралари қатори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини такомиллаштириб бориш, шу билан бир қаторда вояга етмаганларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган ишларни фаол амалга оширишни тақозо этади.

Вояга етмаганлар ҳақида гап борганда, вояга етмаганлар билан боғлиқ одил судловни амалга оширишнинг ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва тарбиявий жиҳатлари жуда ҳам муҳим ва долзарб масала эканлигини қайд этиш жоиз. Мазкур соҳада олдимизга қўйилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасида вояга етмаганларга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган мукаммал ҳуқуқий базанинг яратилганлиги ва уни амалга ошириш механизмларининг ташкил этилганлиги диққатга сазовордир.

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда барча жамоат ва давлат ташкилотлари, жумладан вояга етмаганларнинг муаммолари билан шуғулланувчи идораларнинг амалдаги тузилмалари ўзгартирилиб, такомиллаштирилмоқда. Шу мақсадда 2000 йил 21 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш ҳақида»ги қарори ҳам қабул қилинган эди.

Мазкур қарорга мувофиқ, вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссияларига:

· вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

· вояга етмаганларнинг қаровсизлиги ва назоратсиз қолишига ҳамда улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этилишига шарт-шароит яратиб берадиган сабаб ва муҳитларни аниқлаш ва бартараф қилиш бўйича чоралар кўриш;

· вояга етмаганларнинг қаровсизлиги ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш масалалари бўйича давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштириш каби бир қатор вазифалар юкланган эди.

Бундан ташқари, ёшлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш тизимининг самарали ишлаши: биринчидан, профилактика хизматлари фаолиятининг тўғри ташкил этилишига, иккинчидан, уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилишига, учинчидан, ички ишлар идораларининг бошқа бўлинмалари ва жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг самарали таъминланишига боғлиқдир.

Шубҳасиз, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимининг самарали ишлаши ички ишлар идоралари профилактика хизмати ходимлари, улар билан ёнма-ён фаолият кўрсатаётган жамоат тузилмаларининг вакиллари ҳамда фуқаролар ҳамкорлигининг тўғри ташкил этилишига боғлиқдир.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш – бутун жамиятнинг вазифаси. Тадқиқотлар аксарият жиноятчиларнинг шахси дастлаб тарбиясизлик оқибатида шаклланишини кўрсатмоқда. Тарбияси оғир ўсмир – ахлоқан тузатиш ва қайта тарбиялашга муҳтож бўлган шахсдир. Уни ахлоқан тузатиш ва тарбиялаш жиноятчига айланишининг олдини олиш, шунингдек, жамият билан нормал алоқаларини тиклаш, унда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш мақсадида амалга оширилади.

Агар жиноятларни профилактика қилишнинг ихтисослашмаган субъектлари зарарли таъсир манбаларини бартараф этиш чораларини ўз вақтида кўрмасалар, тарбияси оғир ўсмирлар педагогик ва ижтимоий беқарорликнинг навбатдаги босқичига ўтадилар. Дастлабки ҳуқуқбузарликларнинг жазосизлиги қонун талабларига беписандлик, атрофдагилар фикри билан ҳисоблашмаслик одатини ривожлантиради.

Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги муҳим муаммолардан бири шундан иборатки, улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотларининг профилактик таъсири доирасига асосан ҳуқуқбузарлик содир этганидан кейин тушадилар. Ёшларнинг ғайриижтимоий мойиллигини дастлабки босқичда профилактика қилишга нисбатан юзаки ёндашиш ҳоллари ҳам учраб туради. Ўзига хос профилактика чораларидан бири ҳуқуқбузарлик содир этаётган ёшларнинг ота-оналарини (ҳомий ёки васийларини) ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилишига йўл қўймаслик юзасидан расман огоҳлантиришдир.

Ёшлар ўртасида профилактик чораларни амалга оширишда шахснинг ёши ва бошқа хусусиятлари инобатга олиниши лозим. Жиноятларнинг сабабларини аниқлаш нафақат жамоатчилик ёрдамига, балки зарур ҳолларда турли соҳаларнинг тажрибали мутахассислари ёрдамига таянишни ҳам тақозо этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2010 йил август ойида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларни профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.

Мазкур қонун вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ва такомиллаштиришга қаратилган. Қонуннинг асосий вазифаси қилиб вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарликларига барҳам бериш, ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлган, қаровсиз вояга етмаганларни, уларнинг оилаларини профилактика қилиш деб белгиланган.

Қонун билан вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, таълим, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, ички ишлар, таълимни бошқариш, васийлик ва ҳомийлик, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органларининг бу соҳадаги фаолияти ва уларнинг ўзаро ҳамкорлиги такомиллаштирилган.

Мустақиллик йилларида ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, уларни бартараф этиш ва ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган бир қатор қонун ҳамда қонун ости ҳужжатлари қабул қилинди.

Шунинг билан биргаликда вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар салмоғини камайтириш борасида ҳали ҳам амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўп.

Ёшлар ва ўсмирлар томонидан жиноят содир этишнинг энг асосий сабабларидан бири, баъзи кишиларда маънавий онгнинг салбий ўзгариши натижасида ҳуқуқий онгда мавжуд бўлган камчиликлар ва криминоген мотивация билан боғлиқ ҳолда онгнинг ўзгаришига таъсир кўрсатишидир, яъни вояга етмаганларда ҳуқуққа хилоф бўлган хулқ аксарият ҳолатларда салбий таъсир туфайли вужудга келишидир. Шунингдек, катта ёшдаги шахслар томонидан вояга етмаганларни жиноий қилмишларга жалб этиш ҳолатлари ҳам сабаб бўлмоқда.

Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш Жиноят процессуал кодексида алоҳида боб билан тартибга солинади.

Инсон ҳуқуқлари тизимида бола ҳуқуқлари алоҳида ўрин тутади, зотан, бундай ҳолат бир неча омиллар билан изоҳланади. Жумладан, бир томондан, болалар катталар эга бўлган ва фойдаланадиган ҳуқуқларнинг ҳаммасидан ҳам фойдалана олмайдилар, иккинчи томондан эса, айнан уларнинг ҳали вояга етмаганликлари боис давлат ва жамият томонидан алоҳида ғамхўрона муносабат кўрсатилиши ва айрим имтиёзлар берилиши талаб этилади.

ЖПКда вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритишнинг алоҳида берилиши 1985 йилда БМТ томонидан қабул қилинган вояга етмаганлар тўғрисидаги стандартлар, 1989 йилдаги БМТнинг болаларни ҳимоя қилиш Конвенцияси асосида ва бошқа халқаро ҳуқуқий меъёрлар асосида ишлаб чиқилган. Бу тоифадаги шахсларга нисбатан жиноят ишлари юритишни алоҳида бобда кўрсатилиши қонунларнинг уларга нисбатан ўзга меъёрлар асосида қўлланиши билан боғлиқдир.

Вояга етмаганларга оид жиноят ишларини юритишда уларнинг ижтимоий – руҳий ҳолатларини ҳисобга олиш эътиборга моликдир. 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсларда бир томондан етуклик аломатлари, яъни уларда мустақилликнинг шаклланиши, ўзини тута билиш ва идора қилиш намоён бўлса, иккинчи томондан уларда ижтимоий улғайишнинг давом этаётганлиги кўринади.

Шаклланиб улгурмаган ёшларга нисбатан, кўп ҳолларда, «хавфли ёшда» деган ибора қўлланилади. «Катта бўлса, ақли кириб қолади» – дейишади. Бу ҳолатда фақат вақтнинг кучига ишониш қийин. Етуклик фақат йиллар ўтиши билан келиб қолмайди, у инсонлар, жамият ва қонун олдида масъулиятни ҳис қилиш билан шаклланади.

Вояга етмаганлар жиноятчилигига қарши кураш умумий жиноятчиликка қарши курашнинг ажралмас бир қисми ҳисобланади. Фикримизча, умумий жиноятчилик сабаблари вояга етмаганлар жиноятчилиги сабаблари билан узвий боғлиқдир.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликларига қарши курашни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг касбий билим доираларини кенгайтириш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳар бир ҳуқуқбузарнинг тақдирини ҳал этишда бурч ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш чораларини кўриш, озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазони ўтаётган шахсларга нисбатан яхши муносабатда бўлиш, уларни тузатиш ва қайта тарбиялаш бўйича дифференциялашган усул қўллаш имкониятларини беради.

Жиноят-процессуал қонун ҳужжатлари вояга етмаганлар иши бўйича комиссиянинг жиноятчиликка қарши курашнинг бой тажрибасидан фойдаланиб, вояга етмаганларнинг одил судловини амалга оширишини, бу ишларнинг муҳимлигини таъкидлаб ўтади ва судлов ишларини юришнинг қоидаларини белгилайди. Мустақил Ўзбекистоннинг 1994 йил 22 сентябрь куни қабул қилинган Жиноят – процессуал кодексида биринчи марта вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларни юритиш меъёрлари алоҳида 60-боб қилиб махсус ажратилдики, бу жиноят – процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, вояга етмасдан жиноят содир қилган шахсларнинг ишларини кўришда хатоларга йўл қўймаслик имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми томонидан 2000 йил 15 сентябрь куни «Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Пленум қарорида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш, процессуал ва моддий қонун меъёрларини тўғри татбиқ этиш юзасидан суд ва дастлабки тергов органи ходимлари, шунингдек вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш ваколатига эга бўлган бошқа идора ва ташкилотлар ходимларига тегишли кўрсатмалар берилган.

Вояга етмаганларнинг ишлари бўйича иш юритишни тартибга солувчи Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига 1999 йил 1 июнда ва 2001 йил 29 августда киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар натижасида умумий жиноятчиликнинг бир қисми бўлмиш вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарликларига қарши кураш амалиёти ҳам ўзгариб, эндиликда асосий эътибор ўсмирлар ҳуқуқбузарликларини огоҳлантириш ишларини амалга оширилишига қаратилмоқда. Судьялар ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар ҳақидаги ишларни кўриб чиқаётганларида ҳар бир ҳодисага ижтимоий баҳо беришга ҳаракат қилмоқдалар, бу эса ўз навбатида ўсмирлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жамоат ташкилотлари, мактаблар, ота-оналарнинг масъулиятларини оширишга ёрдам бермоқда. Шу ўринда адашиб жиноят кўчасига кирган ёшларни тарбиялаш ва уларга имконият бериш ҳамда уларни ҳаётга тўғри йўналтиришда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўртасида тузилган ёшлар масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум ва унга асосан олиб борилаётган чора-тадбирлар алоҳида ўрин тутишини таъкидлаш лозим.

Вояга етмаганларнинг жиноятлари ҳақидаги ишларга алоҳида ёндашишни ҳисобга олиб, қонунга алоҳида тергов ҳаракатларини юритиш билан боғлиқ бир қатор қўшимча қоидалар киритилди. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан процессуал мажбурлов чоралари қўлланилишида ҳам бирмунча афзалликлар яратилди. Уларнинг суд муҳокамасидаги ҳуқуқлари мажмуи ҳам қайтадан кўриб чиқилди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларни профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган чора тадбирларни амалиётга тадбиқ этиш, қонунни самарали ижро этилишини таъминлаш борасида қатор ишларни амалга ошириш лозимдир.

Хулоса қилиб айтганда, миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари ва манфаатларига, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга, шунингдек, уларнинг ҳимоясига алоҳида ўрин берилган. Ёшларни ҳар томонлама етук қилиб тарбиялаш ишларига барча фуқаро ва мансабдор шахсларнинг саъй-ҳаракатлари ҳамда эътибори сафарбар қилинган.

 

Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят суди судьяси Ф.Турсунов

Жиноят ишлари бўйича
Пешкў туман суди раиси     Ф.Икрамов

Мавзуга оид