Вобкент туманидаги “Ширин” қишлоғи қадимги Зарафшон дарёси ўзанида жойлашган бўлиб, тахминан 1500 йиллик тарихга эга. Қишлоқ аҳолиси азалдан деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. Ширин қишлоғида бир қатор маданий мерос объектлари ва миллий урф-одатлар ҳозирги кунга қадар сақлангани диққатга сазовор, албатта.
Қишлоқда шўрданак билан бирга қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мерос саналади. Шу билан бирга, қишлоқ аёллари ушбу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонга йиғилишиб, қадимги урф одатлар, миллий куй–қўшиқларни ижро этиш, лапархонлик, ривоят ва анъаналарни ижро этиб меҳнат қилишни одатга айлантиришган.
Бундан ташқари, қишлоқда туризмни ривожлантириш ҳамда сайёҳлар учун маҳаллий ҳаётини намоён этиш мақсадида қатор шарт–шароит ҳозирланган бўлиб, ҳозирда этник қишлоқ туризм кластерини ташкил этишга доир саъй-ҳаракат аллақачон бошланган. Жумладан, қадимий қишлоқда туризм маскани, шўрданак ва нишолда тайёрлаш маҳорат дарслари, қадимги таомларни пишириш, қишлоқ тандирларида нон ёпиш, асал тортиш жараёнлари, кўҳна тош тегирмонда ярма тайёрлаш ва ҳалим пишириш, эски урф–одатлар намойиши, миллий ҳунармандчилик билан банд хонадонлар ва шунга ўхшаш кўплаб намойиш турлари ташкил этилмоқда.
Бугун Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров ижтимоий–иқтисодий ривожланишдаги янгиланиш ва ўзгаришларни яқиндан ўрганиш баробарида “Ширин” этнотуристик қишлоғида бўлишиб, бунда олиб борилаётган ишлар, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракат билан танишдилар. Хусусан, қишлоқ аҳолиси турмуш тарзи, этник таркиби, қишлоқда барпо этилаётган меҳмон уйлари, бунга келувчилар учун кўрсатиладиган хизматлар эътибордан четда қолмади.
Туман раҳбари томонидан масъул мутасаддиларга ҳудудда этнотуризмни ривожлантириш, манзилни янада гавжумлаштириш ва бу ерда банд бўлган оилалар ҳамда фуқароларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш учун етарли шарт-шароитни яратишга доир тавсия ва топшириқлар берилди.