Туманда 44 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритаётган бўлса, ўтган йили шу кеча-кундузда уларнинг аксарияти ўз биносига эга эмас эди. 2021 йил иккинчи ярмида “Бешработ”, “Мўминобод”, “Кўлхатиб”, “Шоҳнигор”, “Чўрикалон”, “Ҳажувон”, “Хайрхуш”, “Ўзбакон” ва “Косари” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бино қуриб берилди. Жорий йилда яна 13 та МФЙ учун бино қурилиши лойиҳалаштирилиб, пудрат корхоналари томонидан ҳудудларда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Жорий йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида “Хайробод” ва “Ниёзхўжа” маҳаллаларини янгилаш, ундаги муҳандислик-коммуникация тармоқларини қайта таъмирлашга киришилгани маҳаллий аҳолини қувонтирди. Дастур доирасида умумий қиймати 28,2 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишларини бажариш, жумладан, 21,2 километрга сув тармоқлари ва 2 та сув иншоотини қуриш, 8,2 километрга электр энергияси тармоқларини тортиш, яна ҳудуддаги 2 та умумтаълим мактаби, 1 та болалар боғчаси ва 2 та тиббиёт муассасасини мукаммал таъмирлаш ишларига куч ҳамда воситалар жалб қилинган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа обьектларини янгидан барпо этиш кўзда тутилган.
Жорий йил инвестиция дастурига мувофиқ, “Хайробод”да 24-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш мақсадида 3 миллиард 488 миллион сўм, Ниёзхўжадаги 19-сонли умумтаълим мактабини капитал реконструкция қилиш ва спорт зали қуриш учун умумий қиймати 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Ҳадемай, бу иншоотларда амалий ишга ўтилади, чунки янги ўқув йилига қадар белгиланган ишларни тўла-тўкис якунлаш, иншоотлар атрофини ободонлаштириш талаби қўйилган.
Шу кунларда “Ниёзхўжа”да 14-сонли оилавий поликлиника филиалини капитал таъмирдан чиқариш учун 440 миллион сўм ажратилган бўлиб, бу ерда “Бухоро таъмир Бунёд қурилиш” МЧЖ бинокорлари иш бошлашган. Худди шундай, Хайрободда 11-сонли оилавий поликлиника филиалини мукаммал реконструкция қилиш ва жиҳозлашга 328 миллион сўм маблағ ажратилган. Бунда шу кеча-кундузда қурилиш–пудрат корхонаси “Бухоро Жондор строй” МЧЖ томонидан қизғин таъмирлаш–тиклаш ишларига киришилганини кўриш мумкин.
Ҳар икки маҳалла марказини обод қилиш, йўли, сув таъминоти, электр энергия тармоқларидаги муаммоларни бартараф этган ҳолда Хайробод ва Ниёзхўжа маҳаллалари учун алоҳида маъмурий бино қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилган ва бунинг учун мос равишда жами 490 миллион сўм сармоя ажратилгани ҳолда қурилиш ишлари, пойдевор тиклаш ҳаракати аллақачон бошланган. Қолаверса, Ниёзхўжа маҳалласида кўпдан буён болажонлар ва улар ота-оналари орзуси бўлган болалар боғчаси масаласи ҳал қилингани, 31-сонли мактабгача таълим муассасасини қайта қуришга жазм қилингани кўпларни хурсанд қилди. Ҳозирда 1 миллиард 515 миллион сўм маблағ эвазига қайта чирой очаётган иншоотда “PBQ montaj” МЧЖ ишчи-мутахассислари жадал иш олиб боришмоқда.
Туманнинг “Розмоз” маҳалласи аҳолиси кўпдан буён замонавий, ҳар томонлама қулайликларга эга болалар боғчасига муҳтож эди. Ниҳоят, бу эҳтиёж рўёбга чиқадиган бўлиб, шу йил апрелидан лойиҳа ва ташкилий чора-тадбир кўрилди ва “Бухоро таъмир бунёд қурилиш” МЧЖ нинг серғайрат қурувчилари замонавий болалар боғчаси биноси қурилишини бошладилар. Айни кунда объектда бинокорларнинг қўли-қўлига тегмайди. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 329 миллион сўмга тенг боғча биносини сифатли ва бенуқсон қуриб, яқин уч ойда фойдаланишга топшириш талаби қўйилган. Замонавий муассаса сентябрь ойида 90 нафар жажжи болажонни ўз бағрига олиши кутилмоқда.
Кези келганда, таъкидлаш жоизки, қурувчи-бунёдкорлар учун ҳам ҳар бир куни ғанимат бўлган айни ёз ойларида туманда бир нечта умумтаълим мактаби ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотларини қайта таъмирлаш ёки янгидан қуриб, фойдаланишга топшириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Масалан, “Чармгарон” МФЙ Найман аҳоли пунктидаги 8-сонли умумтаълим мактабини замонавий қиёфада қайта қуриш вазифаси “Капитал-сифат қурилиш файз” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган бўлиб, қурилиш ишларига давлат бюджети ҳисобидан 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган.
Айнан мазкур МЧЖ бинокорлари шу кеча-кундузда иккинчи муҳим объектда, яъни “Ўзбакон” МФЙ Порлоқ келажак қишлоғида 34-сон умумтаълим мактаби мукаммал реконструкциясида ҳам жонбозлик кўрсатиб, икки иншоотда жами 150 кишига яқин жамоанинг бандлиги ва моддий манфаатдорлигини таъминлашмоқда. Инвестиция дастуридан ўрин олган мазкур лойиҳа қиймати 1 миллиард 227 миллион сўмга молиялаштирилган бўлиб, шу кунларда пойдевор тиклаб бўлиниб, ғишт териш ишларига киришилган.