Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган вилоят навбатчилик Штабида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда республикадан вилоятга бириктирилган бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев ва ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи ўринбсари — Пробация хизмати бошлиғи Бунёд Ражабов раҳбарлигида вилоят, шаҳар ва туманлар штабларининг фаолияти, ҳудудларда аниқланган мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича ҳудудларга бириктирилган вакиллар, шаҳар ва туманлар штаблари масъулларининг ахбороти тингланди.
Санаб ўтилган мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга аниқ муддатлар билан вазифалар юклатилди ҳамда олиб борилган ишлар тўғрисида ҳар бир масъул Штабнинг ҳар кунлик муҳокама йиғилишида ахборот бериши лозимлиги таъкидланди.
Шундан келиб чиқиб, ҳудудий штаблар ва мутасадди бошқармаларга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, ичимлик суви, кўмир ёқилғиси ва бошқа масалалар юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиш ва ҳал этиш, энерготизимда содир бўлаётган носозликларни тезкор бартараф қилиш, бозорлардаги нарх-навонинг барқарорлиги, жамоат транспортидан самарали фойдаланишни таъминлаш чораларини кўриш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.