Марҳумлар хонадонига ташриф буюрилиб, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди
Бугун, вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда вилоят секторлар раҳбарлари, қатор мутасаддилар биргаликда «Хотира ва Қадрлаш куни» байрами арафасида Олот тумани «Ёш ботир» маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 96 ёшли Ҳожимурот ота Бектошевнинг хонадонига ташриф буюришди.
Ҳожимурот Бектошевга Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 77 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириб, 15 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Кейинги манзил Жондор тумани бўлиб, жондорлик Эркин Беҳбудов хотираси ҳам ёдга олинди. Ўрнатилган бюст остида гуллар қўйиб, унинг хотирасига ҳурмат кўрсатилди. Шу ерда қаҳрамоннинг ота-онаси билан учрашилиб, Ватанга содиқ, мард ўғлонни вояга етказганлари учун миннатдорчилик билдирилди.
Сўнг, Олот туманида туғилган Хуршид Авезов хотираси ҳам ёдга олиниб, Бухоро тумани «Чорбакр» маҳалласидаги марҳумнинг ота уйида бўлиб, унинг ота-онаси, турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳолидан хабар олдилар. Оила аʼзоларига вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди.