Бухорода меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида, шунингдек, марказий кўчалардаги давлат органлари биноларининг биринчи қаватларида ресторан ва кафетерийлар ташкил этилмоқда. Президент мазкур тажрибани бутун республика, жумладан, Тошкентда ҳам татбиқ этишни топширди.
Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар эски шаҳардаги меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган.
Вилоят ҳокимларига Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилиш топширилди.
2017 йилда бозорларни реконструкция қилиш ва замонавий савдо комплексларини қуриш дастури қабул қилинган эди. Лекин Зангиота, Қибрай, Оҳангарон, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Чортоқ, Хатирчи ва Нуротада бозорлардаги аҳвол, уларнинг санитарияси ва архитектурасидан одамлар норози экани қайд этилди.
Беш йиллик тажрибадан келиб чиқиб, бозорларни ривожлантириш дастурини, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида сервисни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.