Таълим кредитлари таълим ташкилотлари бакалавр ҳамда магистратуранинг кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган, шунингдек ўқишини кўчирган Ўзбекистон фуқароси бўлган талабаларга берилади. Бунда, кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки васийлари биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашиши мумкин. Таълим кредитининг асосий қарзи талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади. Таълим кредитини олиш учун Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
▫️ ариза;
▫️ тўлов-контракт шартномаси ва унга илова қилинадиган ҳисоб варақаси/фактураси (мавжуд бўлганда). Шартномада ўқишни тамомлашнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган бўлиши лозим;
▫️ таълим кредити қайтарилишининг таъминоти бўйича ҳужжат. Бунда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
▫️ “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилганлигини тасдиқловчи маълумотнома (“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган оилалар фарзандлари учун);
▫️ биргаликда кредит олувчига тегишли маълумот. Ҳужжатлар 5 иш кунида кўриб чиқилади. Таълим кредити шартномаси тўлов-контракт шартномасида кўрсатилган бир йиллик тўлов суммасига тенг миқдордаги суммага тузилади. Табақалаштирилган тўлов-контрактни ва унинг минимал миқдорига тенг бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун таълим кредити ажратилмайди.