Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳокимияти нуфузини ошириш, суд тизимини билимли, юксак маънавиятли ва ҳар томонлама етук бўлган судьялар корпуси билан шакллантиришда жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Шу маънода ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинламаслиги керак.”
Суд тизимида мазкур йўналишда белгиланган муҳим вазифаларда келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 19 январдаги 1657-сонли қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисида”ги Низом тасдиқланган. Мазкур Низом 6 та боб, 39 та моддада иборат бўлиб, комиссия фаолияти бўйича умумий қоидалар, уни тузиш тартиби, мурожаатларни кўриб чиқиш асослари ва тартиби, комиссиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, комиссия ишини ташкил этиш ва якуний қоидалар келтирилган.
Комиссия фаолиятининг мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг судьялар томонидан Судьялар одоб кодексининг судьяларнинг одоби, ахлоқи ва маънавияти масалалари қоидаларини бузилганлиги ҳақидаги мурожаатларини ҳамда оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларнинг ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга ҳамда Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ҳисобланади. Шунга мувофиқ комиссия фаолиятининг асосий вазифаси мазкур йўналишда судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашишдан иборат ҳисобланади.
Низомда Судьялар одоб комиссияси томонидан мурожаатни кўриб чиқиш учун асослар келтирилган бўлиб, ушбу асослар қуйидагилардан иборат ҳисобланади:
- Судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган, одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) ҳақида Судьялар олий кенгаши, Олий малака ҳайъати ёки қуйи судлар судьялари малака ҳайъатларига келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари ва бошқа расмий манбаларда эълон қилинган маълумотлар;
- Судьялар олий кенгаши раиси, Олий суд раиси, вилоят судлари раислари ҳам судьянинг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) Судьялар одоби кодексига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш учун киритган тақдимномаси;
- Судья маълум бир ҳаракатнинг Судьялар одоби кодекси қоидаларига мувофиқлигига аниқлик киритиш борасида, шунингдек асоссиз маълумот тарқатилиши натижасида судьялик шаъни ва ишчанлик обрўсига путур етказилди ёки дахлсизлиги бузилди деб ҳисоблаган ҳолларда қилинган мурожаатлари.
Комиссия материалларни ўрганиш натижаларига кўра тегишли хулосалардан бирини қабул қилади ва мазкур хулоса тегишинча ҳузурида фаолият кўрсатаётган органга юборилади.
Мазкур Низом асосида Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссия суд фахрийлари ҳамда суд тизимида узоқ йиллардан буён самарали фаолият олиб бораётган судьялардан иборат 5 кишилик таркибда фаолият юритмоқда.
Комиссия раиси ва аъзолари томонидан жорий йилнинг 3 декабрь куни Бухоро вилояти судлари судьялари иштирокида ўтказилган йиғилишда Қайд этилган Низом ва комиссиянинг фаолияти юзасидан тегишли маълумотлар берилди ҳамда “Судьялар одоби кодекси”да белгиланган ҳар бир судьянинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган одоб-ахлоқ, маданият ва этика қоидаларига қатъий риоя қилишлари, жамиятда суднинг нуфузига ва судьянинг обрў-эътиборига доғ тушириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари ҳақида тушунтиришлар берилди.
Зеро, судьялик юксак лавозим ҳисобланиши сабабли судьялар ўз соҳасида профессионалликдан ташқари жамиятда юксак маънавиятли шахс сифатида бошқа шахсларга намуна бўлишлари талаб этилади.
Завқий Қурбонов,
Бухоро вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси,
Илҳом Юлдашев,
Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси