°
___
______
  • Low Temp. ___°
  • High Temp. ___°
___
______
Avgust 3rd 2020, Dushanba
°
   ___
  • TEMPERATURE
    ° | °
  • HUMIDITY
    %
  • WIND
    m/s
  • CLOUDINESS
    %
  • SUNRISE
  • SUNSET
  • SESH 4
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
  • CHOR 5
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
  • PAY 6
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
  • JUM 7
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
  • SHAN 8
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
  • YAK 9
    ° | °
    Cloudiness
    %
    Humidity
    %
USD10 207.700.00%
RUB139.02–0.09%

СУДЛАР ФАОЛИЯТИДАГИ ТАРИХИЙ ФАРМОН ! ! !

 СУДЛАР ФАОЛИЯТИДАГИ ТАРИХИЙ ФАРМОН ! ! !

Суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини таъминлаш, шунингдек суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони имзоланди.

Фармонда суд тизимини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган бўлиб, унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судларини ташкил этилади. Мазкур тажрибани Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус каби давлатларнинг суд тизимида кўриш мумкин.

Ҳозирги кунда ҳар бир вилоят судида 4 тадан 15 тагача судьялар фаолият юритаётган бўлса, янги ташкил этилаётган умумюрисдикция судларида 19 тадан 47 тагача судья ишлайди.

Вилоят судларида судьялар сонининг камлиги ишларнинг бир вилоятдан иккинчисига олиб берилишига, натижада фуқароларнинг сарсонгарчилигига сабаб бўлган.

– Бизга маълумки, маъмурий судларнинг ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликларнинг фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга қаратилган.

Фармонда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш мақсадида туман (шаҳар) маъмурий судлари негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида айни дамда 319 нафар судья фаолият юритиб келаётган бўлса, 2021 йил 1 январдан уларга маъмурий ишлар олиб берилиши муносабати билан тизимга яна 351 нафар судья қўшилади.

Статистик маълумотларга кўра, маъмурий судлар томонидан 2019 йилдан шу кунга қадар 2000 дан ортиқ ҳоким қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Аммо, маъмурий судларнинг фаолияти тўғри ташкиллаштирилмаганлиги сабабли маъмурий судларда ишларни ҳал этишда бир қатор муаммолар кўзга ташланади. Жумладан, туман миқёсида маъмурий судлар, шу туман ҳудудидаги маҳаллий ҳокимият органларидан мустақил фаолият юритишида қийинчиликларга дуч келмоқда.

Оммавий-ҳуқуқий низоларни кўришга ихтисослашган маъмурий судларга ўз табиатига кўра жиноят ишларига ўхшаш маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш юклатилган. Биргина 2020 йил 6 ойида республикада маъмурий судлар томонидан 183.000 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган. Шу даврда 6.900 та оммавий-ҳуқуқий низолар кўрилган. Яъни, кўрилган жами ишларнинг атиги 4 фоизи маъмурий судларнинг ўзига тааллуқли бўлган ишларни ташкил этган.

– Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институтини жорий этилади.

Шунингдек, 2019 йилда 469 та иш судда бир неча ой кўрилгандан кейин дастлабки терговдаги камчиликларни бартараф этиш учун прокурорга қайтарилган. Эндиликда ишни судга тайинлаш жараёнида 7 сутка ичида судья мазкур масалани ҳал этиши мумкин бўлади.

Прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштирилмоқда. Жумладан:

Прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш;

прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Мазкур тартиб прокуратура ва суд орасидаги ҳуқуқий-процессуал муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

– Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига “бир суд – бир инстанция” тамойилини жорий этилади. Унга кўра, суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, бир суднинг ўзида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар, шу суднинг ўзида кейинги инстанция сифатида кўрилиши амалиётига барҳам бериш назарда тутилган. Аксарият МДҲ давлатлари ва Германия, АҚШ, Франция каби дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам бу тартибдан аллақачон воз кечган.

БМТнинг махсус маърузачиси Д.Гарсия-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилган.

 Суд тизимининг судьялари ва ходимларининг моддий таъминоти 2021 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ Давлат бюджетига ўтказилади ва уларнинг иш ҳақи оширилади, судьянинг иш ҳақи оширилиши ва унинг ижтимоий ҳимоясини кафолатлаш судьянинг ҳалол ва пок ишлашига шунингдек, унинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

– Амалдаги қонунчиликда Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан шикоят қилиш тартиби назарда тутилмаган. Бу судьяларнинг мустақиллигини чеклаб, уларни ҳимоясиз қолдириб, юқори суд инстанциясининг судьяга нисбатан босимини таъминлаб келган.

Фармонда қонунчиликка малака ҳайъатларининг қарорлари устидан судьялар ҳамжамиятининг органи бўлган Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритиш кўрсатилди. Бу эса келажакда судьяларни мустақил қарор қабул қилишларида, атайлаб қилинмаган хатолари учун жазоланиши, юқори инстанциялар томонидан судьяга нисбатан асоссиз хусусий ажрим чиқарилиши, хизмат текшируви ўтказилишининг олдини олади.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳамда 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш мехнизмларини кенгайтиришга, суд ҳокимиятининг янада мустақиллигини таъминлаш ҳамда аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди раиси Фаррух ИКРАМОВ

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг Суд амалиёти ва статистикасини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Нурбек РАХИМОВ

Мавзуга оид