Шафтоли меваси ошқозон безларининг шира ажратиш фаоллигини оширади, ёғли таомни ҳазм қилишга ёрдам беради ҳамда қайт қилишнинг олдини олиш хусусиятига эга.
Ўсимлик шарбати буйрак-тош касалликларида тавсия этилади.
Ўсимлик барги ва гулларидан сиқиб олинган суви қандли диабетни даволаш, шунингдек, гижжаларга қарши восита сифатида қўлланилади.
Янги узилган шафтоли дарахти баргидан тайёрланган бўтқа хўппоз, чипқон, куйган яра, нейродерматит ва бошқа тери касалликларида малҳам сифатида яранинг устига қўйилади.
Шафтоли меваси кислотаси кам гастрит, энтероколит, жигари хаста ва ҳолдан тойган беморларга танани мустаҳкамловчи ва озиқлантирувчи восита сифатида тавсия этилади.
Шунингдек, шифокорлар нафас аъзолари ва юрак-қон томир тизими хасталикларида шафтоли истеъмол қилишни маслаҳат беришади.