Бухоро вилоятида кредит маблағларини талон-торож қилган собиқ банк ходимлари аниқланди.Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ Микрокредитбанк Бухоро минтақавий филиалининг Когон банк хизматлари маркази собиқ мутахассиси М.К. отаси М.К. номига ташкил этилган “K.H.” МЧЖга маиший техника сотиб олиш учун 245 млн. сўм кредит ажратилишига эришиб, кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб талон-торож қилганлиги ҳамда марказ номидан нотариал идорага сохта хат тақдим қилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган 391,1 млн. сўмлик “YUCHANG” русумли тиркамани таъқиқдан чиқариб юборганлиги аниқланган. Когон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, АТБ Микрокредитбанк Бухоро вилоят минтақавий филиалининг собиқ мутахассиси Б.Р. 2021 йилда 5 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз жами 156,5 млн. сўм микроқарз ва имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги, шунингдек ўзининг жиноий ҳаракатларини яшириш мақсадида фуқаролар А.Д. ва У.Р.ларнинг кредит йиғма жилдларини қасддан йўқотиб юборганлиги аниқланган.Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167 моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 233-моддаси (банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш) ва 227-моддаси (автомототранспорт воситаларини яшириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.