Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 февралдаги 5001 ва 5003-сонли “Бухоро вилояти Пешку ва Ғиждувон туманларида 500 МW қувватли шамол электр станцияси қуриш лойиҳасини инвестициялашни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига биноан “ACWA Power Wind” МЧЖ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ОАЖ билан ҳамкорликда 25 йиллик электр сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланган.
“ACWA Power Wind” МЧЖ ва “Juru energu consulting” МЧЖнинг мурожаатига асосан ушбу лойиҳа Пешку ва Ғиждувон туманларида амалга оширилиб Ромитан туман чегарасидан ўтиши муносабати билан лойиҳаларнинг атроф-муҳит ва ижтимоий таъсирини баҳолаш (АИТБ) ҳужжатлари бўйича маълумотларни жамоатчиликка ошкор қилиш ва манфаатдор ташкилотларни жалб этган ҳолда жорий йилнинг 1 июль куни Ромитан туман ҳокимлигининг кичик мажлислар залида жамоатчилик учрашуви ўтказилди.
Жамоатчилик учрашувида туман ҳокими Умеджон Барноев, туман ҳокими ўринбосарлари, чет эл вакиллари, “Осиё тараққиёти” банки ходимлари, манфаатдор ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда инвестиция ва ташқи савдо бўлими вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда ҳаво узатиш линиясининг ижобий таъсири, лойиҳанинг экологик, жамият саломатлиги ва хавфсизлигига таъсири, HEUL қурилиши ва эксплуатацияси масалалари кўриб чиқилди.