Хабарингиз бор, жорий йилнинг 11 апрель куни Президентимиз бошчилигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар 3 тоифага ажратилган эди.
Шунингдек, ушбу йиғилишда ҳар бир раҳбарга учинчи тоифадаги 50 нафардан эътиборга муҳтож ёшларни номма-ном бириктириш, уларнинг муаммоларига ечим излаш, ғамхўрлик қилиш ва доимий қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берилганди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ромитан тумани ҳокими Умеджон Барноев тасдиқланган режа-график асосида ўзига бириктирилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказиб келмоқда.
Худди шундай учрашувлардан бири бугун, 2 май куни 1-сектор биносида “Муғонча”, “Азизон”, “Бахтиёрчи” ва “Самосий” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи 11 нафар ўзига бириктирилган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида туман раҳбари ёшлар ва уларнинг ота-оналари томонидан таъкидланган муаммоларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар бериб ўтди. Муаммоларнинг айримлари шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.
Учрашувдан асосий мақсад бириктирилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш ҳисобланади.