Иқтисодий муносабатлар ривожланган сайин шартнома юзасидан низоли масалада судларга мурожаатлар кўпайиши табиий ҳолат.Хусусан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси “Марказий деҳқон бозори” АЖ манфаатида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар Ш.Рахимовдан (исм фамилиялар ўзгартирилди) савдо дўконларидан фойдаланганлик учун 4.156.000 сўм ижара тўлови ва 1.274.000 сўм пеняни ундиришни сўраган.Иш ҳолатларидан кўринишича, тарафлар “Марказий деҳқон бозори” АЖ ва фуқаро Рахимов Шукур ўртасида 2021 йил 8 июнда тузилган 2-сонли “Савдо ўрнини ижрага бериш тўғрисида”ги шартномага асосан бозорга қарашли “Қуруқ мевалар павильони”даги 270, 271, 272 ва 273-савдо ўринларида “Миллий ширинлик” маҳсулоти сотилиши назарда тутилган.Шартномнинг 6.3-бандига кўра, ижара ҳақи миқдори 1 савдо ўрни учун бир кунда 6500 сўм, бир ойда 195.000 сўм, 4 савдо ўрни учун 780.000 сўм этиб белгиланган.Даъво аризасига савдо ўринлари “Марказий деҳқон бозори” АЖ ҳудудида жойлашганлиги, ер майдони жамиятга тегишли бўлганлиги асос сифатида кўрсатилиб, ижара тўловидан 2021 йил 01 июлдан 2021 йил 31 декабрга қадар, 2022 йил 01 январдан 2022 йил 01 мартга қадар жами 4.156.000 сўм ижара ҳақи қарздорлиги ундирилиши сўралган.Фуқаролик кодексининг 544-моддасига кўра, ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шарт.Мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва муддатлари мулк ижараси шартномаси билан белгиланади. Булар шартномада белгиланмаган ҳолларда одатда худди шундай мол-мулкни ўхшаш ҳолатларда ижарага беришда қўлланиладиган тартиб, шартлар ва муддатлар белгиланган деб ҳисобланади.Суд мазкур қонун талабига асосланиб, Ш.Рахимовдан “Марказий деҳқон бозори” АЖ фойдасига 4.156.000 сўм ижара тўловини ундириш ҳақида хулосага келган.ФКнинг 326-моддасига кўра, агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак.Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.Даъвогар талабида 1.274.000 сўм пеня ундиришни сўраган бўлса-да, ижара шартномасининг 7.2-бандида тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун ижара ҳақи миқдорининг 0,4 фоизи миқдорида пеня ундириш назарда тутилганлиги, 31.12.2021 йил ҳолатида қарздорлик 2.596.000 сўмни, 01.03.2022 йил ҳолатида қўшимча 1.560.000 сўм қарздорлик вужудга келганлиги, манфаатдор шахс ўтган вақт мобайнида қарздорликни талаб қилмаганлиги оқибатида унинг миқдори ошиб кетганлиги, (2.596.000+1.560.000=4.156.000х0,4%) амалда тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун 16.624 сўмдан пеня ундирилиши лозим бўлса-да, юқоридаги қонун талабидан келиб чиқиб талабни қисман қаноатлантириш ҳамда жавобгар Ш.Рахимовдан “Марказий деҳқон бозори” АЖ фойдасига талаб қилинаётган сумманинг ярми, яъни 637.000 сўм миқдорида пеня ундиришни лозим топган.Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституциямизда ҳам мустаҳкамланган бўлиб, хусусан 44-моддасига кўра, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.Хулоса ўрнида, эсда тутиш лозим бўлган ягона ҳолат бу шартнома шартларига қатъий риоя қилиш, мажбуриятни ўз муддатида бажариш – шартнома иштирокчилари ўртасида муносабатлар давом этишининг асоси бўлиб хизмат қилади. Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят судининг раисиЎткир Разиков,Фуқаролик ишлари бўйича Пешку туманлараро суди раиси