Коронавирусдан вафот этган фуқаролар ҳақида маълумот олиш мумкинми? Мутахассис жавоби

 Коронавирусдан вафот этган фуқаролар ҳақида маълумот олиш мумкинми? Мутахассис жавоби

Коронавирусга чалиниб вафот этган беморлар ҳақида тўлиқ маълумотни беморларни даволаш билан шуғулланган муассасаларга мурожаат қилиб, сўров мақсади асослаб берилган тақдирда олиш мумкин.

Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова маълум қилган.

Жумладан, мутахассис «Нима учун вафот этган фуқаролар тўғрисидаги рўйхатлар электрон тизимга қўйилмайди? Оммавий ахборот воситаларида вафот этган фуқаронинг фақат бош ҳарфи ва ёши ёзилади. Бу ҳақидаги маълумотни қаердан олсак бўлади?», деган саволга қуйидагича жавоб берган:

«Бугунги кунгача Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга чалиниш ҳолатлари, даволанаётганлар, тузалганлар сони, карантинга олинганлар сони ва касаллик оқибатида рўй берган ўлим ҳолатларини умумий ҳамда вилоятлар кесимида яширилмай, аниқ маълумотлар асосида бериб борилмоқда. Юқорида сўралган маълумотларни эса айнан коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган муассасаларга мурожаат қилиб, ушбу маълумотнинг нима мақсадда сўралаётганлигини асослаб берсангиз шунга қараб муносабат билдирилади».

Абдусаматова касалликка чалинганларнинг шахси билан боғлиқ маълумотларнинг барчаси тиббиёт сири ҳисобланиши, уларни олиш ваколатига эга бўлган ташкилот вакиллари коронавирус беморларини даволаётган муассасалар ёки Соғлиқни сақлаш вазирлигига расман мурожаат қилиши мумкинлигини ҳам айтган.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 260 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 269 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид