Таклифларнинг таҳлили шуни кўрсатдики, уларнинг 56% ташаббускори эркаклар, 40% эса аёллар бўлиб, қолган 4% ўзларининг шахсини очиқламаган.
Таклифларнинг 67 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар тақдим этган. Ҳудудлар кесимида таклифларнинг энг кўпи Тошкент вилоятидан 13,6 % (20 587 таси), Тошкент шаҳридан 12,5 % (18 933 таси), Андижон вилоятидан 9,3 % (14 020 таси), Хоразм вилоятидан 8,5 % (12 803 таси), Самарқанд вилоятидан 7,7 % (11 601 таси), Фарғона вилоятидан 7,1 % (10 711 таси) келиб тушган.
Хориждаги ватандошларимиз ҳам мазкур жараёнда бефарқ бўлишмади. Жумладан, Россия Федерацияси, Жанубий Корея, Туркия, Қозоғистон, Германия ва бошқа давлатлардан ватандошларимизнинг юзлаб таклиф ва муносабатлари келиб тушди.
Келиб тушган таклифлардан, хусусан фуқароларимиздан келиб тушаётган таклифлар орасида:
• давлатнинг ишсизликни тугатиши;
• солиққа тортишнинг мутаносиб ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши;
• давлатнинг зарур ҳолларда хориждаги фуқароларга ҳуқуқий
ва бошқа ёрдам кўрсатиши;
• давлат органлари фаолиятида очиқликнинг бўлиши ва уларга коррупцияга қарши курашиш мажбуриятини юклаш;
• аҳоли учун муносиб яшаш шароитларини яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги;
• маҳаллий Кенгашларга ҳам ҳокимларга ишончсизлик вотумини билдириш ваколатини бериш;
• суднинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашга ҳақли эмаслигини белгилаш ҳақида ва бошқа шу каби келиб тушган таклифлар долзарб аҳамият касб этмоқда.