Б А Ё Н И
2022 йил 30 май Когон шаҳри
Бухоро вилоят суди судьялари малака ҳайъати аъзоси И.М.Тошов КОГОН шаҳар ва туман, Қоровулбозор туманидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий ишлар бўйича судлари судьялари, суд аппарати ходимлари ва ҳудуддаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари иштирокида “КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШ – ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ ЯНГИЛАНИШИДА МУҲИМ ОМИЛ” мавзусида ва судьялик заҳирасига номзодларни тавсия этиш юзасидан ўтказилган давра суҳбати ўтказди.
И.Тошов мавзу юзасидан сўзга чиқиб коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишда Ўзбекистон ислоҳотларининг асосий ҳужжати ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг аҳамияти катта ҳисобланишини таъкидлаб қуйидагича маъруза қилди.
Мамлакат тараққиётининг энг муҳим йўналишлари белгиланган Ҳаракатлар стратегиясининг Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишида бевосита коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Энг аввало, шуни таъкидлаш ўтиш жоизки, коррупцияга қарши курашнинг сифат ва сон жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтарилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси маҳсулидир. Жумладан, давлат раҳбарининг жамиятни «ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш» зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Зеро, Президент 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, «Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди».
Иккинчидан, соҳада норматив-ҳуқуқий базани тизимли равишда такомиллаштириб бориш чоралари кўрилмоқда. Фикримизнинг исботи ўлароқ, коррупцияга қарши кураш борасидаги қонуннинг кучга киргани, шунингдек турли қонуности ҳужжатларининг қабул қилинганини келтириш мумкин. Хусусан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.
Учинчидан, чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши учун махсус давлат органи ташкил этилиб, бу борадаги давдат сиёсатининг институционал асослари такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди. Агентлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда халқаро нормаларни илгари сурган ҳолда хорижий тажриба атрофлича ўрганилди. Унинг энг мақбул жиҳатлари Президентнинг мазкур фармонида тўлақонли акс эттирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари ташкил этилди. Ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, бу – коррупция иллатларига барҳам беришдан иборат.
Тўртинчидан, барча давлат ва жамоат ташкилотларини, мамлакат миқёсида амалга ошириладиган чора-тадбирларни ўз ичига қамраб олувчи давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги Қарори билан 2017–2018 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича биринчи Давлат дастури қабул қилиниб, унинг ижроси доирасида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу ислоҳотларни давом эттирган ҳолда, 2019 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан 2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича навбатдаги Давлат дастури тасдиқланди. Бу борадаги сўнгги қадамлардан бири сифатида 2021 йили 6 июль куни «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони билан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021–2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурини келтириш мумкин. Унда 44 та чора-тадбир кўрсатиб ўтилган бўлиб, ижро муддатлари, масъул ижрочилар, ижро механизми аниқ белгилаб қўйилган.
Бешинчидан, мамлакатда коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирларнинг асосида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Жумладан, 2021 йил 16 июнда қабул қилинган «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тасдиқлашлари лозимлигини жорий этилди. Бундан ташқари, бюджет харажатларини тартибга солиш бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, бюджет қонунчилигининг бузилиши фактлари тўғрисида хабардор қилиш ва бюджет жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш тартиб-таомилини ташкил этиш бўйича «Openbudget» – «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди.
Олтинчидан, коррупцияга қарши курашнинг яна бир муҳим жиҳати – давлат органларини оптимизация қилиш, уларнинг ихчамлигини ошириш тизимли равишда, босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 2021 йил 3 апрель куни Президент давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликлари сонини қисқартириш тўғрисидаги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, давлат органлари ходимларининг сони 15 фоизгача мақбуллаштирилди. Натижада, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг идоравий ва ҳудудий бўлинмаларида жами 5288 та штат қисқартирилди. Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг 40 нафар раҳбар ўринбосарлари лавозимлари ҳам қисқартирилди.
Еттинчидан, коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида «инсон омили»ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, рўйхатга олиш, лицензиялаш ва рухсат беришга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда жами 201 та давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Ушбу марказлар томонидан 2017 йилда 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 106 тага, 2019 йилда уларнинг сони 133 тага етди. 2020 йилдан эса марказлар орқали 148 турдаги шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Саккизинчидан, коррупцияга қарши кураш халқаро тажриба ва ҳуқуқнинг тегишли нормаларини мамлакат қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилиш билан биргаликда олиб борилмоқда. Жумладан, Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг ташкил этилиш ҳам Ўзбекистон ратификация қилган БМТнинг Коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги Конвенциясининг тегишли моддалари, шунингдек халқаро коррупцияга қарши кураш амалиётидаги «Жакарта принциплари»нинг мамлакатдаги имплементациясига мисол бўла олади.
Тўққизинчидан, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни яратиш жамоатчиликнинг кенг иштирокида амалга оширилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари, «Ишонч телефони» ҳамда ҳар бир вазирлик ва давлат идораларининг «ишонч телефонлари», «виртуал қабулхоналари» ташкил қилиниб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида барча даражадаги давлат раҳбарларининг «сайёр қабуллар»ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Ўнинчидан, коррупцияга қарши курашда давлат органлари ва хўжалик юритиш субъектларида «комплаенс-назорат» тизимининг кенг жорий этишили амалга оширилмоқда. Жумладан, 2019–2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастурида устав жамғармасида давлат улуши бўлган ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш, самарадорлигини мониторинг қилиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш тегишли коррупцион стандарт (ISO 37001)га мувофиқ сертификатлаштириш тартибини ўрнатиш бўйича тегишли вазифалар илгари сурилди. Ушбу белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 26 та вазирлик ва идораларда яширин иктисодиёт улушини қисқартириш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат «комплаенс-назорат» тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Албатта, амалга оширилаётган ишлар кўлами мақтовга лойиқ, бироқ, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Коррупцияга қарши кураш Агентлигининг маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупция ҳолатлари билан боғлиқ бўлган 1676 та жиноят ишлари тергов қилиниб, судларга юборилган. Суд якунлари бўйича коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 592,5 млрд. сўм моддий зарар етказилгани аниқланиб, шундан 170,8 млрд. сўми (28 фоизи) ундирилиб, 421,7 млрд. сўми Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилиши белгиланган.
Ўз навбатида, 2021 йил январь ойида эълон қилинган «Transparency International» халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2020 йил бўйича «Коррупцияни қабул қилиш индекси» рейтингида Ўзбекистон 180 та давлат орасида 26 балл билан 146-ўринни эгаллаб, 7 поғонага кўтарилди. 2019 йилда Ўзбекистан 25 балл билан 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 23 балл билан 158-ўринни ташкил этди. Ўзбекистон икки йил ичида 12 поғонага юқорилаб, Марказий Осиё минтақасида коррупцияга қарши курашишда сезиларли ижобий кўрсаткични намойиш этди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда коррупцияга қарши кураш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарали натижалар бераётганига далолатдир.
“ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ ВА ФАОЛ МАҲАЛЛА ЙИЛИ” ДАВЛАТ ДАСТУРИ доирасида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилиши лозим бўлган мақсад ва вазифалар юзасидан “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қуйидаги мақсад ва вазифалар амалга оширилиши белгиланган:
Давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқарога хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида трансформация қилиш мақсадида
2022 йил декабрь ойига қадар:
▪️ барча турдаги давлат назоратини тизимлаштириш ва уларни
амалга оширишнинг аниқ механизм ва тартиб-таомилларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат назорати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
▪️ давлат бошқаруви органлари ҳузуридаги инспекциялар фаолиятида манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш чораларини
кўриш бўйича Президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш.
Ихчам, профессионал, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини жорий қилиш мақсадида
2022 йил ноябрь ойига қадар:
▪️️ муҳим ижтимоий масалалар бўйича очиқ маълумотларнинг доирасини янада кенгайтириш ва мазкур маълумотлардан тўсиқларсиз фойдаланишни таъминлаш.
Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш мақсадида
2022 йил август ойига қадар:
▪️ давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш ва уни ҳал этиш тизимини жорий этиш.
Коррупцияга мойил соҳа ва тармоқларни аниқлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида
2022 йил апрель ойига қадар:
▪️ “Е-антикоррупция” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш;
Йил давомида:
▪️ Коррупцияга мойил соҳаларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ва бунга кенг жамоатчиликни жалб этиш;
▪️ Коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан амалий чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
2022 йил май ойига қадар:
▪️“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”ни жорий этиш орқали соҳага доир ҳуқуқий билим ва онгни юксалтириш бўйича кенг қамровли тизимни жорий қилиш.
Агентлик томонидан Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида унда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.
Давлат дастури доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ва уларнинг натижаси бўйича Агентликнинг расмий веб-сайти орқали ахборот бериб борилади.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзларининг қизиқтирган саволлари бўйича мулоқот қилдилар.
И.Тошов,
Бухоро вилоят суди судяси