Дарҳақиқат, 1959 йилда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари Декларацияси” шундай даъват билан бошланади.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг тарихига бир назар соладиган бўлсак, ушбу давр бир неча босқичларни босиб ўтганлигини кўришимиз мумкин.
Дастлаб 1924 йил 26 сентябрда Миллатлар Лигасининг бешинчи Ассамблеяси Болаларни қутқаринг Халқаро Кенгаши тақдим этган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация (Женева Декларацияси)ни қабул қилиш билан бошланиб, мазкур ҳужжат барча мамлакатлар эркаклари ва аёллари номидан тузилган ва беш принципдан иборат бўлган.
Кейинги босқич 1959 йилда Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан Бола ҳуқуқлари Декларацияси қабул қилинган.
БМТ доирасида бола ҳуқуқларига бағишланган конвенцияни яратиш зарурлиги тўғрисидаги масала илк бор
1970 йилда муҳокама қилиниши янги, учинчи босқични бошлаб берган.
Энг сўнгида эса 1989 йили Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қабул қилиниши, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўзига хос янги даврни бошлаб берган. Мазкур Конвенция 1990 йил 2 снтябрда кучга кирган.
Конвенцияда болаларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ва эркинликлари, оила муҳити, соғлиқни сақлаш ва фаравон турмуш, таълим, дам олиш ва маданий тадбирлар ҳамда махсус ҳуқуқий муҳофаза чораларига оид кенг қамровли қоидалар баён этилган.
Ушбу ҳуқуқлар Конвенциянинг 54 та моддаси ва унга қўшимча бўлган иккита: Факультатив Болалар савдоси, фоҳишабозлик ва порнография тўғрисида ҳамда Болаларнинг қуролли тўқнашувларга жалб этмаслик тўғрисидаги протоколда акс этган.
Бола ҳуқуқлари тўғрисида Конвенциянинг асосий мазмуни барча болалар эга бўлиши керак бўлган асосий инсон ҳуқуқларининг қуйидаги тўртта қоидасида ифода этилади. Булар:
- Яшашга бўлган ҳуқуқ;
- Ҳар томонама камол топиш ҳуқуқи;
- Зарарли таъсирлар, зўравонлик ва эксплуатациядан ҳимояланиш ҳуқуқи;
Оила масалаларида, маданий ва ижтимоий ҳаётда тўлиқ иштирок этиш ҳуқуқи.
Конвенцияга биноан, бола мустақил шахс сифатида қабул қилинади.
1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилиши бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатининг шаклланиши учун замин яратди.
Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган давлатлар уни бажариш юзасидан тадбирлар бўйича Бола ҳуқуқлари қўмитасига мунтазам равишда миллий маърузалар юбориб туради.
Ўзбекистон Республикасида ушбу Конвенцияни бажариш бўйича биринчи миллий маъруза 1997 йилда тайёрланган ва қўмитага 1999 йилда тақдим этилган. Иккинчи маъруза 2005 йилда тақдим этилган.
Республикамизда бола ҳуқуқларини таъминланишида “Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисида”ги 138-Конвенция, “Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисида”ги 182-Конвенциялар ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинган.
2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқларнинг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз томонидан болалар ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатини энг устувор вазифаларидан бири эканлигини яна бир марта исботлади.
2010 йил 29 сентябрда қабул қилинган “Вояга етмаганларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ушбу масалалар билан шуғулланувчи тизим органлари ва муассасаларини аниқ белгилаш, улар фаолиятининг асосий вазифалари, принциплари ва йўналишларини тартибга солишга қаратилган.
Янги Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар 2016 йилда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
9 август куни қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар Омбудсмани) институти ташкил этилди ва мазкур вакилга болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ҳуқуқлар берилди.
Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини таъминлашда 2001 йил “Оналар ва боллар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили” ва 2016 йил “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинганлиги ҳамда ҳар бир йил бўйича Давлат дастурларининг қабул қилиниши юқоридаги фикрларимизнинг ёрқин тасдиғидир.
Ойбек Шомуродов,
Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро суди судьяси
Нурбек Рахимов,
Бухоро вилоят судининг бош консультанти